Деҳли портлашига алоқадорлик гумони билан кашмирлик мактаб ўқувчилари ҳибсга олинганлар

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ҳиндистон назоратидаги Кашмир полицияси ўтган ҳафта Деҳлидаги олий маҳкама биноси ёнида содир этилган портлашларга алоқадорликда икки ўсмир ҳибсга олинган.

7 сентябр куни Ҳиндистон Олий маҳкамаси ташқарисида юз берган портлаш оқибатида ҳалок бўлган инсонларнинг сони 14 га етган, 67 киши жароҳатланган.

17 ва 18 ёшдаги Обид Ҳусайн ва Шариқ Аҳмадни ушбу ҳужумни "Ҳаракатул-Жиҳод ал-Исломий" радикал гуруҳи уюштиргани ҳақидаги баёнотни электрон мактуб орқали оммавий ахборот воситаларига юборишда гумон этмоқдалар.

Полиция икки ўспиринга жиноятга тил бириктириш айблови қўйилгани ва тергов давом этаётгани ҳақида айтган.

Электрон мактубдаги ҳужум учун масъулият сохта ёки ростлиги текширилмоқда.

Электрон хат Кашмирнинг Жамму шаҳри яқинидаги Киштвар бўлгасида жойлашган Интернет-кафедан юборилган.

Портлашлардан кейин ушбу Интернет-кафе эгаси ва яна тўрт шахс ҳибсга олинган, савол-жавобдан кейин улар қўйиб юборилганлар.

Интернет-кафе эгаси терговда кун давомида муассасасига асосан гуруҳ-гуруҳ бўлиб мактаб ўқувчилари киришганини айтган.

"Ҳаракатул-Жиҳод ал-Исломий" гуруҳини АҚШ Давлат департаменти "Ал-Қоида"га алоқадор террорчи гуруҳ деб эълон қилган.

"Ҳаракатул-Жиҳод ал-Исломий" гуруҳини Ҳиндистон, Покистон ва Бангладешда содир этилган зўравонликларда айблашган, бироқ Ҳиндистон расмийлари охирги йилларда бу гуруҳ фаолияти мамлакатда кузатилмаганини ва ҳужум учун масъулият ҳақидаги баёнотлар текширилиши кераклигини айтишган.

Шунингдек, оммавий ахборот воситалари Деҳлидаги портлашни "Ҳиндистон мужоҳидлари" гуруҳи уюштиргани ҳақидаги электрон мактубни ҳам олганлар.

Гужарат штати полицияси ушбу сохта мактубни юборган шахсни ҳам ҳибсга олганлар.

Мухбирларнинг ёзишича, сўнгги портлаш Ҳиндистоннинг энг муҳим муассасаларини ҳимоя қилишга нақадар қодир экани борасидаги шубҳаларни янгилаган.

Бу борадаги саволлар 2008 йилдаги ҳалокатли Мумбай ҳужумларидан кейин ўртага ташланган, шундан кейин мамлакатда хавфсизлик чоралари янада кучайтирилгани айтилган.