Покистонда "Ал Қоида" асосий раҳбарларидан бири ўлдирилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

АҚШ юқори мартабали расмийларидан бирига кўра, Покистонда "Ал Қоида"нинг асосий раҳбарларидан бири Абу Ҳафиз ал-Шаҳри ўлдирилган. Ҳодиса Вазиристон минтақасида юз бергани айтилади. Аммо, хабар мустақил манбалардан тасдиқланмаган.

Америка Қўшма Штатлари тез-тез ушбу нотинч ҳудуддаги жангарилар яширингани гумон қилинган нуқталарга қарши учувчисиз учоқлар воситасида ҳужум уюштириб туради.

Уч ҳафта муқаддам АҚШ "Ал Қоида" бош қўмондонларидан бири Атияҳ Абдул Раҳмоннинг ўлдирилгани ҳақида хабар берганди.

Матбуотнинг ҳудудга бориши тақиқлангани боис бу даъволарни тасдиқлаш мушкуллигича қолмоқда.

'Ал Қоида' учун яна бир йирик зарба'

Қўшма Штатлар Абу Ҳафиз ал-Шаҳри ҳафта бошларида ўлдирилгани ва бу билан "Покистон ичкарисидаги асосий таҳдид йўқ қилинган"ини айтган.

Расмийлар унинг Покистонда ҳужумлар ортидаги "муҳим ташкилий ва маъмурий рол"ни бажаргани ва Толибон билан жуда яқиндан ишлаганини айтишади.

Қўшма Штатлар расмийсининг Би-би-сига айтишича, Шаҳрининг ҳалок этилиши Абдул Раҳмон ўлдирилганидан кейин мамлакатдаги "Ал Қоида" негизига берилган катта зарбадир. Бу билан тармоқнинг қаддини ростлаш имкониятлари янада камайгани таъкидланади.

Абу Ҳафиз ал-Шаҳри нобуд бўлган раҳбарнинг мажбуриятларини зиммасига олиши керак бўлган шахс ҳисобланган.

АҚШ дрон ҳужумлари тафсилотларини ҳар доим ҳам ошкор қилмайди ва Покистон расмийлари ҳам ушбу хабарни зудлик билан тасдиқлашмаган.

Аммо, мухбирларнинг айтишларича, араб газеталари аллақачон Шаҳрининг ўлдирилгани ҳақида ёза бошлашган. Газеталарга кўра, Саудия Арабистонидаги қариндошларига номаълум томондан қўнғироқ бўлиб, Абу Ҳафиз ал-Шаҳри АҚШ дрон ҳужумида ҳалок этилгани маълум қилинган.

Кобулдаги отишма Исломободдаги Би-би-си мухбири Илёс Хонга кўра, ўтган якшанба куни Вазиристоннинг Мир Али минтақаси яқинида учувчисиз учоқлар ҳужум қилишгани ва Ҳаққоний тармоғи раҳбарларидан бирини ўлдиргани маълум эди.

Шимолий Вазиристон Ҳаққоний раҳбариятининг қароргоҳи ва жангариларнинг ушбу ярим мухтор қавм ҳудудидаги асосий таянч нуқтаси бўлиб қолмоқда.

"Ўшандан бери келган хабарларда шахси номаълум бир арабнинг ўлдирилганига ишора берилганди", дейди мухбиримиз.

Ҳаққоний тармоғи Афғонистонда қатор йирик ҳужумларни амалга оширганликда айбланади. Ҳафта бошларида Кобулда кечган 20 соатлик қуролли жанглар шулар жумласидандир.

Америка расмийсига кўра, Абдул Раҳмон Вазиристонда 22 август куни ўлдирилганди. У, хабарларга кўра, Вашингтон қора рўйхатидаги Афғонистон ва Покистонда бўлган беш нафар юқори мартабали жангарилардан бири бўлган.

У ўтган май ойи Покистон шимолида Қўшма Штатлар махсус кучлари тарафидан ҳалок этилган Усама Бин Лодиннинг ишончли одамларидан саналган ва гуруҳнинг янги раҳбари Айман ал-Завоҳирийга суяниб иш тутган.

Шаҳрининг ўлими АҚШ ва Покистон ўртасида муносабатлар янада таранглашган пайтга тўғри келмоқда.

Чоршанба куни Қўшма Штатлар Мудофаа вазири Леон Панетта Покистон тупроғидаги исёнкорларга қарши курашишини айтган. Покистон расмийларини эса, унинг изоҳларини қуюшқондан ташқари дея таърифлашганди.