Ҳиндистонда террор мавзуидаги фильмлар фестивали бошланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи
Image caption "Сенинг Бин Лодининг" ҳам 11 сентябр ҳужумларидан кейин ишланган террор ва ишқ мавзуларини уйғунлаштирган ҳинд фильмларидан

Болливуд маркази Мумбай шаҳрида муҳаббат мавзуларига тўла Ҳинд фильмларига хос бўлмаган террор мавзусидаги фильмлар фестивали бошланган.

Бир ойлик фестиваль доирасида АҚШдаги 11 сентябрь ҳужумларидан бери ўтган вақт давомида терроризм мавзуида ишланган бадиий фильмлар намойиш этилади.

Ҳиндистонда хориж, хусусан, ғарб фильмларини кўпчилик томоша қилмайди. Бироқ сўнгги йиллари бир нечта зўравонлик ҳужумларига саҳна бўлган Ҳиндистонда терроризм борасида ишланган фильмларга қизиқиш пайдо бўла бошлаган.

Фестивалда кўрсатиладилган экран асарларидан энг машҳури "Усама" фильмидир. Бу аслида Усама бин Лодин ҳақида эмас, балки Толибон даврида етим қолган 12 яшар қизалоқнинг ўғил болалар кийимини кийиб, ўзини Усама, деб атаб, ишлаб пул топишга интилгани хусусида.

Қизалоқнинг кимлиги ошкор бўлиб қолгач, уни икки хотинли кекса эркакка мажбуран никоҳлаб беришади.

Шунингдек, Ҳиндистоннинг ўзида ишланган қатор фильмлар ҳам фестиваль доирасида намойиш этилмоқда.

"Иншоолоҳ, футбол", "Сенинг Бин Лодининг", "Кобул тезюрари" ва "Худо ҳаққи" каби фильмлар Ҳиндистонда анча машҳур бўлган.

Атоқли фильм юлдузи Шоҳрух хон ўйнаган "Менинг исмим Хон" фильми эса дунё бўйлаб энг кўп томоша қилинган ҳинд фильмларидан бирига айланган.

Ҳиндистоннинг ўзида эса Шоҳрух Хоннинг "Покистон крикетчилари Ҳиндистон "Йигирма20" крикет лигасига киритилиши керак", деган изоҳи ортидан ҳинд миллатчилари норозилик билдириб, кўчаларга чиқишган, санъаткор сурати акс этган афишаларга ўт қўйиб, бўёқлар чаплашган ва бу фильм намойишини тўхтатишни талаб қилишганди.

Мусулмон продюсерлар сулолалари ва келиб чиқиши асли афғон бўлган Амир Хон, Шоҳрух Хон, Саиф Али Хон ҳамда Салмон Хон каби актёрлари мавқеи баланд Боллиивуд азалдан Ислом ва Ҳиндуизм динлари орасида уйғунлик ва дўстликни тарғиб этувчи фильмларга катта аҳамият қаратади.

Аммо Айодҳадаги Бобур масжидининг ҳинду миллатчилари тарафидан бузиб ташланишидан бери ўтган йиллар давомида Ҳиндистондаги мусулмон ва ҳиндулар орасидаги муносабатлар ўта нозик бўлиб қолмоқда.