'Покистон ҳукуматининг жангари гуруҳга алоқаси бор'

Image caption Сирожиддин Ҳаққоний ўз жангарилари Афғонистонда ҳам бемалол ҳаракат қилишаётганини, Покистондаги бошпаналарга энди эҳтиёж қолмаганини айтган.

Исломободдаги АҚШ элчисига кўра, 'Ҳаққоний' жангари гуруҳи ва Покистон ҳукумати ўртасида алоқалар мавжуд.

Покистон радиосига берган суҳбатида элчи Камерун Мантер мазкур алоқалар тўхташи лозим, деб таъкидлаган.

АҚШнинг ишонишича, ўтган ҳафта Кобул марказидаги НАТО ва АҚШ элчихонаси биноларига уюштирилган бир кеча-кундузлик ҳужумлар ортида айнан 'Ҳаққоний' тизими турган.

Бироқ Покистон Ташқи ишлар вазирлиги мазкур айбловларга изоҳ бермаслигини айтди.

Вашингтон вакиллари агар Исломобод ҳарбийлари ушбу тизимга қарши курашмасалар, АҚШ кучлари 'Ҳаққоний' жангариларини Покистон тупроғида ҳужумга тутишади, деб ўтган ҳафтда огоҳлантириб чиқишганди.

Аммо илгарироқ, 'Ҳаққоний' тизими раҳбарларидан Сирожиддин Ҳаққоний гуруҳ аъзолари "Афғонистон тупроғида ҳам бемалол, хавотирсиз ҳаракат қилишаётганини ва шу боис улар учун Покистондан бошпана топишга умуман эҳтиёж қолмаганини" айтганди.

Мазкур даъволар эса Вашингтоннинг террорга қарши курашда муҳим иттифоқчиси бўлмиш Покистон ҳукумати амалда икки хил ўйин ўйнамоқда, деган айбловларнинг сўнггисидир.

Сўнгги йиллари Покистонга нисбатан ишончи пасайган Вашингтон ҳатто Исломободга берадиган ёрдамларини тўхтатиш билан ҳам таҳдид қилганди.

Покистон ҳукумати эса террорга қарши жиддий курашаётганини намоён қилиш учун озод қавмлар яшайдиган ҳудудлардаги жангариларга қарши кенг қамровли амалиётларни йўлга қўйганди.

Аммо бунинг ортидан Покистондаги Толибон нафақат хорижий иншоотларга, балки Покистоннинг ўз муассасаларига қарши ҳам бир неча йирик ҳужумлар уюштиришди.

Охирги хабарларга кўра, Покистоннинг Хайбар довонидаги текширув нуқтасига жангарилар ҳужум қилишган. Покистон расмийларига кўра, ҳужумчиларнинг камида 10 нафари яксон этилган.

Бу маскан НАТОнинг Афғонистондаги кучларига маҳсулот етказадиган муҳим йўл устида жойлашган.

Кейинги пайтлари Покистондаги таъминот йўли тез-тез ҳужумларга тутилаётгани боис, АҚШ раҳбарияти Ўзбекистондан ўтувчи шимолий таъминот йўлига кўпроқ аҳамият бера бошлагани айтилади.