Би-би-си сўрови: Аксарият Фаластин мустақиллиги тан олинишини истайди

Image caption Фаластин давлатини тан олиш масаласи БМТда шу ҳафта муҳокама қилинади

Би-би-си буюртмаси билан 19 давлатда ўтказилган ижтимоий сўров БМТ томонидан Фаластин давлатининг тан олинишини истаётганлар кўпроқ эканини намойиш қилган.

Сўровда 20466 киши иштирок этган. Жаҳон бўйлаб сўроқ қилинганларнинг 49 фоизи ўз ҳукуматлари Фаластин давлатининг барпо этилиши йўлида БМТга ёрдам кўрсатиши керак деб ишонар экан.

21% респондентлар эса ўз мамлакатлари бундай қарорга қарши чиқиши керак деб билади.

Фаластинликлар шу ҳафта ўз давлатларининг тан олиниши масаласини БМТда кўтаришни режаламоқдалар.

Фаластин миллий маъмурияти ўз давлати 1967 йилги чегаралар билан тан олиниши истайди: бу дегани унга Иордан дарёсининг ғарбий қирғоғидаги ҳудудлар, шарқий Қуддус ва Ғазо бўлгаси ҳам киради.

Исроил ва АҚШ Фаластин давлати борасидаги масала фақат бевосита музокаралар орқали ҳал этилиши мумкин деб билишади.

Бу каби музокаралар охирги марта ўтган йил ўтказилган, бироқ сўнгра мулоқот узилган.

GlobeScan ширкати ўтказган сўровга бошчилик қилган Даг Миллер фикрида, "агар фуқароларга БМТ резолюциясининг қабул қилиниши борасида овоз беришга имкон берилганида эди, Фаластин мустақил давлат дея тан олинган бўларди".

Сўров натижаларига кўра, Фаластин давлати ғоясини энг кўп қўллаб-қувватловчилар - мисрликлар. Уларнинг 90 фоизи буни қўллаб-қувватласа, 9 фоизи қарши чиққан.

Айни сўров ўтказилган бошқа мусулмон мамлакатларида натижа бироз фарқли бўлган.

Туркияда Фаластин мустақиллигини 60% сўралганлар қўллаб-қувватласа, 19 фоизи Анқара БМТда фаластинликларга дастак бермаслиги керак деб билади.

Покистонда Фаластин мустақиллиги ғоясини 52% сўралганлар қўллаб-қувватлайди, 12 фоизи эса бунга қарши. Индонезияда бу кўрсаткич 51%-16%.

Хитойликларнинг 56 фоизи Фаластин мустақиллигини истайди, 9 фоизи эса қарши.

Энг кам дастак Ҳиндистонда: у ерда фақат 32% сўралганлар бу ғояни қўллаб-қувватлашган.

Оврўпо Иттифоқида Фаластин мустақиллигини яхши фикр деб биладиганларнинг аксари Франция, Олмония ва Британияда экани аниқ бўлган.