Парижда мусулмонларнинг кўчаларда намоз ўқишлари тақиқланди

Янги кучга кирган тақиққа биноан, франциялик мусулмонларнинг Париж кўчаларида намоз ўқишлари ман этилади.

Франция Ички ишлар вазири Клод Геан яқин-атрофдаги масжидлардан жой тополмаган мусулмонларга бунинг ўрнига ўт ўчирувчиларнинг бўш ётган казарма ва баракларидан фойдаланишни таклиф этган.

Жаноб Геаннинг Le Figaro журналига берган суҳбатидан аён бўлишича, мингга яқин мусулмон Goutte d’Or мавзесининг иккита кўчасидан намоз ўқиш учун фойдаланишган.

Франция Ички ишлар вазирига кўра, энди ушбу мавзеъдаги иккита масжид имомлари билан намозхонлар учун бўш ётган баракларни давлатдан уч йилга ижарага олишлари хусусида келишиб олишган.

Хабарларга кўра, мусулмонларни янги жойда намоз ўқишга ундаш учун келаси бир неча ҳафта давомида масжидларда намоз ўқилмайди.

Франциялик мулозимлар янги йирикроқ Исломий Маданият Маркази очилгунга қадар тақиқ амалда бўлишини айтишмоқда.

Ушбу мавзеъдаги Жомеъ масжидининг ёпилиши ва қолган икки масжидда жой етишмаслиги эса, мусулмонларни ўз намозларини кўчаларда адо этишларига сабаб бўлганди.

Юзлаб намозхонларнинг тоат-ибодат учун кўчаларда тизилишлари пойтахт Париж учун феноменга айланганди.

Бу хусусдаги тақиқ ўтган жума оқшоми кеч соат 22:00 (GMT) дан бошлаб кучга киргани айтилади.

“Биз қорамол эмасмиз...”

Goutte d'Or мавзесидаги масжид имомларидан бири Муҳаммад Салоҳ Ҳамза эса, баракларни масжидга айлантириш ишлари суст кечаётганидан шикоят этиб, ҳамма нарса ўлда-жўлда қолиб кетишидан қўрқувда эканини айтган.

Франциянинг TF1 News канали имомнинг , “Биз қорамол эмасмиз”, деган сўзларидан иқтибос келтирган.

Ўта ўнг қанот кайфиятдаги францияликлар мавзеъ “исломийлашиб” бораяпти, деган гапни ўтган йилдан бошлашганди.

Декабр ойида Франция Миллий Жабҳаси партияси раҳбари Марин Ле Пен мутаассиб мусулмонларни намоздан сиёсий мақсадларда фойдаланаётганликда айблаб чиққанди.

Франция Ғарбий Оврўпода энг катта сондаги мусулмонлар истиқомат қилувчи давлат саналади.

Айрим хабарларга кўра, Франция халқининг 6 миллиони ва ёки аҳолисининг қарийб ҳар ўнтадан биттаси мусулмон ҳисобланади.

Уларнинг аксарияти ўз вақтида Франциянинг мустамлакаси остида бўлган Шимолий Африка давлатларидан келишган.

Мусулмонларнинг жамият ҳаётига интеграцияси масаласи сўнгги йилларда Францияда жиддий сиёсий баҳсу мунозараларга ҳам сабаб бўлганди.

Шу йил бошида қабул қилган қарори ортидан, Франция муслималарнинг жамоат жойларида бурқада юришларини расман тақиқланган Оврўпо Иттифоқидаги биринчи давлат бўлганди.