Қайси динда пул қандай сарфланади?

XVII асрда Лондоннинг Ситисидаги Муқаддас Ведаст черковида можаро келиб чиқади. Юз йил муқаддам камбағал-бечоралар учун деб черковга берилган пуллар умуман бошқа мақсадларга сарфлангани ошкор бўлгач, черков катта жанжаллар остида қолиб кетади.

Ўшанда йирик-йирик савдо бинолари ва тижорат банкларига жой ажратиш мақсадини кўзлаб бечораҳол одамлар Ситидан деярли қувиб солинган, Муқаддас Ведаст черковига келадиган бадавлат кишилар эса камбағалларга аталган маблағларни ўз кўнгилхушликлари учун сарфлашни хоҳлаб қолишган эди.

"Йиғилган пуллар руҳонийларга маош, кайфу-сафо ва шаробхўрликка сарфлана бошлади. Черковда мабодо қўшнилар орасида бирор бир можаро чиққанда сарфланиши кўзда тутилган пуллар қолган эди. Черковга ибодатга келадиганлар эса бу сўнгги маблағни ҳам Темза дарёси қирғоғида уюштирилган дабдабали тушликка сарфлашади. Темза соҳилида, Ричмондда бундай тушликлар олдин ҳам ташкил этилар, охиргиларида эса бу тушлик катта базму-жамшидга айлантириб юборилади, ҳозирги пул билан ҳисоблаганда минглаб фунтлар осмонга совурилади," дейди “Лондон учун ишонч” деб номланган хайрия ташкилотининг ходими Мубин Хак. Ушбу мисол динга пулнинг таъсири янги мавзу эмаслигининг далилидир.

Эски мавзу

Хайрия маблағларини ҳавога совурган Муқаддас Ведаст ва бошқа черковларнинг қилмишлари ўша давр матбуотида кенг ёритилади. Парламентда бу воқеаларни текшириш учун махсус комиссия ва "Лондон учун ишонч" хайрия жамғармасини ташкил этишга қарор қилинади.

"Лондон учун ишонч" жамғармасига бутун Лондон бўйлаб ишчи оилалар болаларининг мактабда ўқиши ва истироҳат боғлари ташкил этиш йўли билан камбағалларга кўмаклашиш вазифаси юклатилади.

Image caption Лондондаги черков ва масжидлар ҳамкорлигида кўнгиллиларнинг CitySafe ташкилоти тузилган

"Ўша маблағлар эвазига Хэмпстед-Хит ва бошқа истироҳат боғлари барпо этилган. Ҳозирги пайтда эса биз пойтахтда камбағаллик ва ижтимоий тенгсизлик муаммолари билан шуғулланаётган ташкилотларга молиявий ёрдам бераяпмиз. Бундай муаммолар ҳеч қаёққа йўқолиб қолгани йўқ ва уларни ҳал қилиш зарур", - дейди Мубин Хак.

Лондон шаҳрининг Ист-Энд деб номланган бўлгасида Уотни-Маркет деган жой бор. У ерда маҳаллий черков ва масжидлар томонидан Лондонда 2011 йил августида рўй берган тартибсизликларни юзага келтирган муаммоларни ҳал қилишни ўз олдига мақсад қилиб олган CitySafe ташкилоти жойлашган. Бу ташкилот ходими Нурул Улланинг айтишича, ўзларининг мақсади ёшлар учун мабодо бир таҳдид бўладиган бўлса, яшириниш учун хавфсиз жойлар барпо қилиш.Тартибсизликлар яна қайтарилган тақдирда талончилик ва зўравонликларнинг олдини олиш мақсадида улар маҳаллий черков ва полиция билан алоқа ўрнатишган.

"Асосан муҳожирлар истиқомат қиладиган бу камбағал туманларда масжид ва черковларнинг аҳамияти катта. Лекин уларга маблағ, иқтисодий кўмак жуда муҳим", - дейди Нурул Улла.

Ибодатхона ва маблағ

Диннинг таъсири катталигича сақланиб қолган жамиятларда ибодатхона фақат эътиқодли кишилар ибодат қилиш учун борадиган маскан ролини ўйнамайди. Бу жамиятларда руҳонийлар черковга қатнайдиганларнинг қувончу-ғамларига бирдек шерик бўладилар. Бу давлатларда камбағал одамлар черковга тиббий ёрдам сўраб боришади, фақатгина шу ерда болалар қандайдир савод олишлари мумкин.

Бутун мамлакат бўйлаб улкан кўчмас мулкка эга Англия черковидаги руҳонийлар орасида Люси Уинкетт юқори мансабни эгаллайди. У черковга тушадиган маблағлар қандай мақсадларга сарфланишини тушунтиради.

"Черков мактабларига маблағ сарфлаш - жуда масъулиятли вазифа. Биз спорт клубларини, якшанба тўгараклари, узайтирилган гуруҳлардаги клубларни маблағ билан таъминлаймиз. Черков фақат билим тарқатиши эмас, ўзаро қўшничилик руҳини кучайтириши ва маҳаллий жамоалардаги бирдамликни ривожлантиришга кўмаклашиши ҳам керак"- дейди у.

Image caption "Битлз" созандаси марҳум Жорж Харрисон ўз мулкини "Кришнани англаш" ҳаракатига туҳфа қилган

Британиядаги биринчи ҳинд мактабининг директори Наина Пармар бу фикрга қўшилади. У раҳбарлик қиладиган Кришна Аванти номидаги мактаб Лондондан 35 километр шимолда жойлашган.

"Бизнинг мактабимизни ҳинд ота-оналар ташкил этганлар. Улар болаларининг нафақат академик билим, балки руҳий чанқоқлигини ҳам қондирадиган жойда ўқишларини хоҳлашади", - дейди Наина Пармар.

Бу мактаб "Кришнани англаш" ҳаракати ва Бхактиведанта ибодатхонаси билан боғлиқ. Бу ҳашаматли бинони ўз вақтида "Кришнани англаш" ҳаракатига машҳур "Битлз" гуруҳининг созандаси Жорж Харрисон ҳадя этган эди. Ибодатхона учун ҳам, мактаб учун ҳам маблағ етарли.

"Пул маблағларини масъулиятли сарфлаш онгли фуқароларни тарбиялаш ғоясига асосланган. Ва бунда диннинг таъсири беқиёс - ахир жамиятдаги барча маблағларни Худо беради. Ва уларни онгли равишда сарфлаш болаларни масъулиятли бўлишга ўргатади",- дейди Наина Пармар.

Аммо пул маблағларига ва уларнинг диндаги ўрнига ҳамма ҳам айни шундай муносабат билдирмайди.