Инсон ҳуқуқлари Оврўпо маҳкамаси: ЮКОС ишида Россия ҳукумати айбдор

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption ЮКОС мол-мулки давлат назоратидаги "Роснефт" ширкати тасарруфига ўтказилган

Страсбургдаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Оврўпо маҳкамаси қарорида айтилишича, Россия ҳукумати йирик нефт ишлаб чиқариш ширкати бўлган ЮКОСни касод қилиш жараёнида қонун бузилишларига йўл қўйганликда айбдордир.

Яъни, Россия расмийлари Инсон ҳуқуқлари бўйича Оврўпо Конвенциясининг 6-бандини, ҳар қандай шахснинг адолатли маҳкама ҳуқуқи таъминланиши ҳақидаги моддасини бузганлар.

Бироқ Оврўпо маҳкамаси ЮКОСнинг собиқ менежерлари Стивен Тиди ва Брюс Мизаморнинг ўзларининг мол-мулкини Россия ҳукумати тепасидагилар ноқонуний тортиб олишди ва бунинг учун товон пули тўлашлари лозим, деган даъволарини қондириш бўйича ҳеч қандай қарор қабул қилмаган.

Страсбург маҳкамаси қарорига кўра, ЮКОСга нисбатан Россияда қўзғатилган иш адолатсиз бўлса ҳам сиёсий сабабларга асосланмаган.

Оврўпо маҳкамаси даъвогар менежерларнинг аризасини 2009 йилда қабул қилиб олиб кўриб чиқишга киришган, ЮКОСнинг ҳиссадорлари Россиянинг солиқ идоралари ЮКОСнинг 2000 йилдан 2003 йилгача бўлган даврларга оид ҳуқуқларини бузганлар, дея даъво қилганлар, бироқ Страсбург маҳкамаси 2000 йилдан 2001 йилгача бўлган даврда солиқ қонунчилиги бузилган, деган хулосага келган.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Оврўпо маҳкамаси ЮКОС можаросини 2010 йил мартида ҳам кўриб чиққан, ушбу иш Страсбург маҳкамасининг 60 йиллик тарихида ўхшаши бўлмаган иш, деб таърифланган.

ЮКОСнинг собиқ ҳиссадорлари Оврўпо маҳкамасидан Россия ҳукуматидан 98 миллиард доллар миқдорида товон пули ундириб беришни сўраганлар.

Страсбург маҳкамасининг охирги қарори ҳам якуний кучга эга қарор эмаслиги айтилмоқда.

Оврўпо маҳкамасининг ЮКОСни банкрот қилиш амаллари сиёсий сабабларга асосланмаган деган хулосасини Россия Адлия вазирлиги алоҳида урғулаган.

Чунки Россия томони ЮКОС ишини Оврўпо маҳкамасига олиб чиқилишининг ўзини сиёсийлаштириш деб атаб келади.

Россия ҳукумати танқидчилари ЮКОС асосчиси Михаил Ходорковскийнинг сиёсатга аралашиши ўша пайтдаги президент Владимир Путиннинг ғазабига сабаб бўлган ва ширкатнинг ҳукумат фойдасига касодга учратилишига олиб келган, деб келишади.

ЮКОС дунёнинг йирик нефт ишлаб чиқарувчиси бўлган, у кунига икки миллион баррел нефт қазиб олган.

Бу Ливия ёки Қатар бир кунда ишлаб чиқарган нефтдан кўп бўлган.

Россия ҳукумати ЮКОСни солиқ тўламаганликда айблаган, унинг раҳбари Михаил Ходорковский узоқ йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилган.

2006 йилда ЮКОС банкрот деб эълон қилинган, ЮКОСга тегишли нефт конларининг аксари давлат назоратидаги "Роснефт" ширкати тасарруфига ўтказилган.