Сўнгги янгиланиш 21 сентябр 2011 - 07:17 GMT

Афғонистон собиқ президенти Бурҳониддин Раббоний худкушлик ҳужуми қурбони бўлди

Афғонистондан келаётган сўнгги хабарларга кўра, кеча сешанба куни Кобулдаги уйида ўлдирилган мамлакат собиқ президенти ва Олий Тинчлик Кенгаши раиси Бурҳониддин Раббоний худкушлик ҳужуми қурбони бўлган.

Масъулларга кўра, бомбани салласига яшириб келган худкуш ҳужумчи жаноб Раббоний ва яна бир қанча кишининг умрига зомин бўлган.

Портлаш юз берган пайтда Бурҳониддин Раббоний ўз уйида Толибон ҳаракати аъзолари билан учрашаётган бўлган. У бошчилигидаги кенгаш афғон ҳукуматининг Толибон томони билан музокаралар олиб бориш ҳаракатларига бошчилик қилиб келади.

Ҳужумда Афғонистон Олий Тинчлик Кенгаши юқори мартабали маслаҳатчисининг ҳам жиддий тан жароҳати олгани айтилади.

Марҳумнинг руҳига ҳурмат бажо айлаш ва ҳужумга ўз норозиликларини билдириш учун юзлаб афғонлар пойтахт Кобулга йиғилишмоқда.

бу ерга босинг Афғонистон Олий Тинчлик Кенгаши раиси Бурҳониддин Раббоний ўлдирилди

Бурҳониддин Раббонийнинг ўлдирилганига оид хабар ортидан, Афғонистон Президенти Ҳомид Карзай Америка Қўшма Штатларига сафарини бекор қилган.

Афғон раҳбарининг Нью Йоркда Бирлашган Миллатлар Бош Ассамблеясида иштирок этиши ва АҚШ президенти Барак Обама билан учрашиши кутилаётганди.

Барак Обама, ўз ўрнида, худкушлик ҳужумини қоралаб, Бурҳониддин Раббонийнинг ўлими "фожеавий йўқотиш" эканини айтган.

Аммо ҳар икки давлат раҳбари Афғонистонда тинчлик ўрнатиш аҳдида қатъий эканликларини яна бир бор баён қилишган.

Президент Ҳомид Карзай, "Бу кун - Афғонистондаги ҳамма учун қайғули, аммо бирдамлигимиз ва ўз саъй-ҳаракатларимизни давом этдириш куни", деб айтган.

Афғонистон мухолифати лидерларидан доктор Абдулла Абдулла, "Жаноб Раббонийнинг ўлими бутун Афғонистон халқи учун катта йўқотиш" эканини айтиб, собиқ президентни "сўнгги нафасига қадар тинчлик учун курашган шахс", деб таърифлаган.

Афғонистондаги Нато ва Халқаро Тинчликни Сақлаш кучлари (ISAF) ҳам ҳужумни қоралаб чиқишган.

Жумладан, ISAF кучлари қўмондони генерал Жон Аллен, "Тинчлик ташаббусининг юзи ҳужумга тутилди", деб айтган.

Бурҳониддин Раббонийнинг уйи пойтахт Кобулнинг ҳашаматли мавзеъларидан бирида, АҚШ элчихонасига яқин кучли қўриқланувчи ҳудуд чеккасида жойлашган.

Ўтган ҳафта ушбу туман Толибон ҳаракатининг жаъми 25 кишининг умрига зомин бўлган ва нақ 20 соат давом этган ҳужумларига саҳна бўлганди.

Афғонистон собиқ президенти қурбон бўлган сўнгги ҳужум пойтахт Кобулнинг қанчалар хавфсиз эканига оид хавотирларни янада кучайтирган.

Ҳужум тафсилотлари

Афғонистон аксилтеррор мулозимлари Кобулдаги Би-би-си мухбири Билол Сарварийга ҳужум тафсилотларини сўзлаб беришган.

Аён бўлишича, икки Толибон қўмондони президенти Ҳомид Карзайнинг тинчлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Масъум Станакзай билан бирга қизил рангли "Corolla" русумидаги машинада Бурҳониддин Раббонийнинг уйига келишади.

Қўмондонлар уйдагиларга жаноб Раббоний учун Толибон ҳаракатидан махсус хабар келтирганликларини айтишади.

Қўриқчилар Толибон қўмондонларини текшириб кўрмоқчи бўлишганида, жаноб Станакзай, "Биз бу икковлонни биламиз. Улар ўзимизнинг одамларимиз", дейди.

Толибон қўмондонларидан бири жаноб Раббоний билан қучоқлашиб кўришаётган пайтда, салласига яширилган бомбани портлатиб юборади.

"Ҳужумчилардан бирининг боши йўқ. Яраланган иккинчиси эса, ҳибсга олинди. Уларни олиб келган ҳайдовчи ҳам қочиб қолмасидан аввал қўлга олинди", деб Би-би-сига маълумот беришган Афғонистондаги жосуслик манбалари.

Кобулдаги мухбиримизнинг айтишича, Толибон қўмондонлари билан сешанба кунги учрашув сир тутилган. Ва фақат учрашувдан бир неча соат олдин жаноб Раббонийнинг айрим ёрдамчилари бу хусусда огоҳлантирилганлар, холос.

Унга кўра, айнан ана шу учрашув учун бундан бир неча кун бурун Бурҳониддин Раббоний хориж сафаридан Афғонистонга қайтган бўлган.

Сўнгги пайтларда Афғонистонда қатор нуфузли сиёсатчилар ва юқори мартабали ҳарбий қўмондонларга қарши суиқасд амаллари уюштирилди.

Июл ойида президент Ҳомид Карзайнинг укаси Аҳмад Вали Карзай жанубий Қандаҳор шаҳридаги уйида ўз қўриқчилари раҳбари томонидан ўлдирилди.

Ундан икки ой аввал эса, Афғонистон шимоли бўйича Бош полиция қўмондони, генерал Довуд Довуд худкушлик ҳужуми қурбонига айланди.

Бу ҳужумларнинг аксариятига масъулиятни Толибон ҳаракати ўз зиммасига олиб чиққанди.

Аммо Афғонистон собиқ президенти ўлдирилган ҳужумга жавобгарликни ҳозирча бирор бир гуруҳ ўз бўйнига олгани йўқ.

Дафн маросими

Исломий урф-одатларга мувофиқ, майитнинг имкон қадар тезликда дафн этилиши лозим кўрилади.

Аммо Бурҳониддин Раббонийнинг қачон ва қаерда тупроққа қўйилиши ҳозирча маълум эмас.

Марҳумнинг руҳига ҳурмат бажо айлаш ва ҳужумга ўз норозиликларини билдириш учун юзлаб афғонлар пойтахт Кобулга йиғилишмоқда.

Улар қўлларида Бурҳониддин Раббонийнинг суратини кўтариб олиб, бошларига қора тасма боғлаганча, "Қуръон" сураларини қироат этишмоқда.

Жаноб Раббонийнинг уйи ўраб олинган, ўз таъзияларини изҳор этиш учун собиқ ҳамкасблари ва қўмондонлар ҳам келишаётгани айтилади.

Марҳумнинг уйи жойлашган дипломатик ҳудудда хавфсизлик чоралари кучайтирилган, полиция келаётган ҳар бир кишини синчиклаб текширмоқда.

Муштарийларимиз мактублари

Нурулло

Тинчликни истаган муътадил бир инсон ўлдирилди. Воасафо... Тинчлик душманлари ҳамиша эзгулик сари қўйилаётган қадамлардан қўрқишади ва бу қадам эгаларини жисман маҳв этишга ҳаракат қилишади, одатда. Кейинги пайтда мазлум Афғонистонда ТИНЧЛИК ўрнатилиши учун кўп саъй-кўшиш қилаётган марҳум Бурҳониддин Раббоний ҳам Тинчлик душманлари қурбони бўлди, назаримизда. Худо у кишини раҳмат қилсин, омин.

Talaba yigit

Olloh rahmat qilsin. Juda go'zal inson edi. Afghoniston ozodligi uchun kurashgan, Islomni himoya etgan fidoyi odam edi.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

(Кўпи билан 500 белги)

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.