Маҳмуд Аҳмадинежод Жаҳон Савдо маркази бинолари учоқлар урилганидан қулаганига ишонмайди

Эрон Президенти Маҳмуд Аҳмадинежод муҳандис сифатида Нью-Йоркдаги Жаҳон Савдо маркази миноралари уларга учоқлар бориб урилгани учун қулаганига ишонмаслигини айтган.

Нью-Йоркдаги БМТ Бош ассамблеясидаги маърузасидан кейин "Ассошиэйтед Пресс" ахборот агентлиги билан суҳбатида Эрон президентининг айтишича, у ерда режалаштирилган портлаш бўлган бўлиши керак.

Бироқ у ҳужумларни Америка Қўшма Штатларининг ўзи ташкиллаштирган, деб айтмаган.

Эрон Президентининг БМТ Бош ассамблеясидаги чиқишига норозилик сифатида кўплаб мамлакатларнинг дипломатлари мажлисни тарк этганлар.

Жаноб Аҳмадинежодни БМТ минбаридан АҚШни 2001 йил 11 сентябр ҳужумларини яшириш мақсадида Усома бин Лодинни ўлдиришда айблаш мақсадида фойдаланди, деб танқид қилишди.

Президент Маҳмуд Аҳмадинежод сўзга чиққанидан кейин БМТ залидаги 30 дан ортиқ мамлакатнинг вакиллари, шу жумладан АҚШ ва Оврўпо Иттифоқи вакиллари чиқиб кетганлар.

Ўз маърузасида Эрон президенти Ғарбни бошқа мамлакатлар бойликларини қўлга киритиш мақсадида ҳарбий ишғолни бошлашда айблади, Исроилни танқид қилиб, яна бир бор Холокост ҳодисаларини шубҳа остига олган.

"Ассошиэйтед Пресс" билан суҳбатда жаноб Аҳмадинежод Эрон билан АҚШ ўзаро муносабатларини яхшилашлари учун ҳали ҳам кеч эмас, деб айтган.

Лекин у АҚШнинг Усома бин Лодинни ўлдириш мақсадидаги махсус амалиётини қаттиқ танқид қилган.

"Жаҳон Савдо маркази қўш минораларига ҳужум қилган учоқларга хавфсиз макон яратиб берганлар ким эканига ойдинлик киритиш мақсадида ҳодисанинг асосий жиноятчисини очиқ маҳкамага тортиш оқил иш бўлмасмиди", деб айтган БМТдаги ўз нутқида Эрон раҳбари.

Бундан олдин Президент Аҳмадинежод 11 сентябр ҳужумларини АҚШнинг терроримга қарши урушини оқлаш мақсадидаги "шубҳали ҳодиса" ва "катта сохталаштириш" деб атаган.

Оқ Уй сўзчиси Жей Карнининг АҚШ президенти учоғидан туриб журналистларга айтишича, жаноб Аҳмадинежоднинг Америка сиёсатини танқид қилиб, Эрон ўзининг фуқароларига "ёвузларча муомала қилаётгани кулгилидир".

Президент Маҳмуд Аҳмадинежод БМТ минбаридан чиқишини Ғарб мамлакатларини "бошқа мамлакатларининг бойликларини босиб олиб, уларнинг ҳаммасини янада қарам қилиш мақсадида ҳарбий ишғол қилиш ва бу мамлакатлар инфратузилмаларини вайрон этиш билан кучсизлантиришда" айблаган.

Ўзининг маърузасида эса Британия Бош вазир Дэвид Камерон Эрон раҳбариятини танқид қилган.

"Улар матбуот эркинлиги учун жавобгарликдан қочиш учун қўлларидан келган ҳаммани нарсани қилмоқдалар. Улар намойишларни зўравонлик билан бостирмоқдалар, яхшироқ келажакни истаб кўчага чиқаётганларни ҳибсга олмоқдалар ва қийноққа солмоқдалар", деб айтган Британия Бош вазири.

Эрон Президентининг БМТдаги маърузасига қарши Нью-Йоркдаги БМТ қароргоҳи атрофида юзлаб кишилар норозилик намойиши ташкил қилганлар.

"Йўқолсин Эрон Ислом республикаси" деб ёзилган улкан шиорлар кўтариб чиқилган, болалар Маҳмуд Аҳмадинежод суратини топтаганлар.

Эрон раҳбарининг маърузасини бойкот қилган Исроил Ташқи ишлар вазирлиги баёнот эълон қилган, унда "Эрон президенти дунёдаги тинчлик ва хавфсизликка таҳдид соладиган халқлар оиласига душманлигини яна бир бор намойиш этди", дейилади.