Исроил билан Фаластин тинчлик музокараларини қайта бошлашга чақирилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Президент Маҳмуд Аббос Фаластинни БМТнинг тўлақонли аъзоси сифатида қабул қилиш ҳақидаги аризани топширди

Яқин Шарқда тинчлик ўрнатиш мақсадидаги тўртлик - БМТ, Оврўпо Иттифоқи, АҚШ ва Россия ўтган йили тўхтаб қолган Исроил билан Фаластин ўртасидаги музокараларни қайта бошлашга чақирганлар.

Тўртлик номидан баёнот эълон қилинган.

"Тўртликнинг барча ҳаракатлари 2012 йил охирига бориб тинчлик битимига эришишга қаратилган", дейилади БМТ Бош котиби Пан Ги Мун, Оврўпо Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича Олий комиссари Кэтрин Аштон, АҚШ Давлат котибаси Ҳиллари Клинтон ва Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров учрашувидан кеййин эълон қилинган баёнотда.

Тўртлик фикрича, Исроил билан Фаластин уч ойдан кейин ҳудудлар ва хавфсизликка тааллуқли таклифларни ишлаб чиқишлари мумкин.

Олти ойдан кейин эса тинчлик шартномасини имзолаш йўлида аҳамиятли илгари силжишга эришиш мумкин, деб ҳисоблашади воситачилар.

Тўртлик вакиллари Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос Фаластинни БМТнинг тўла аъзоси сифатида қабул қилиш ҳақидаги аризани расман топширганидан кейин учрашганлар.

Исроил билан Фаластин ўртасидаги тўғридан-тўғри музокаралар 2010 йил сентябрида тўхтаб қолган, бунга Фаластин сиёсатчиларининг музокаралардан чиқиб кетганлари сабаб бўлган.

Исроилнинг Қуддуси Шарифда яҳудийлар мавзеларини қуришни қайта бошлаганига норозилик сифатида фаластинликлар мулоқотларни тўхтатган эди.

Исроил Бош вазири Бенжамин Нетаняху сўзларига кўра, асосий муаммо яҳудийлар мавзеларида эмас, фаластинликларнинг Исроилни яҳудий давлати сифатида тан олишни истамаётганларидадир.

Бирлашган Миллатлар ташкилоти Фаластинни тўлақонли аъзоси сифатида тан олишга рози бўлса, бу жаҳонда Фаластинни мустақил мамлакат сифатида эътироф этиш бўлади.

Фаластинликлар ўзларининг давлати чегаралари 1967 йилги чегаралар асосида барпо этилишини талаб қиладилар.

1967 йилги чегара ҳозир Исроил босиб олган Шарқий Қуддус, Иордан дарёсининг Ғарбий соҳили ва Ғазо бўлгасини қамраб олган. Бироқ БМТ Бош ассамблеясида Фаластин Президенти Маҳмуд Аббосдан кейин сўзга чиққан Исроил Бош вазири Бенжамин Нетаняху, фаластинликлар тинчликка эмас, давлатга эги бўлишни хоҳлаяптилар.

"Тинчликка эса БМТ резолюциялари билан эмас, тўғридан-тўғри музокаралар орқалигина эришиш мумкин", деб айтган Исроил бош вазири.

Бундан олдин АҚШ Президенти Барак Обама Вашингтон Хавфсизлик Кенгашидаги вето ҳуқуқидан фойдаланиб, Фаластинни давлат сифатида эътироф этилишига тўсиқ қўйиши ҳақида айтган.