Матбуот: 'Энди Россияни "Путинистон" деб номласа ҳам бўлаверади'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Путин Кремлга қайтиши ҳақида шанба куни эълон қилган

Россиянинг кўпчилик рўзномалари Путин ва Медведевнинг ўрин алмашишлари ҳақидаги янгиликка салбий муносабат билдирган.

"Московский Комсомолец" рўзномасига кўра атиги бир неча кун аввал бу каби янгилик "ҳазил" сифатида қабул қилинган бўларди.

"Энди Россияни "Путинистон" деб эълон қилса бўлаверади", дея киноя қилади рўзнома.

Нашр ўз вақтида Британия Маргарет Тетчернинг 11 йиллик бошқарувидан безгани ва алал-оқибат уни ўзининг партияси ҳокимиятдан четлатганини хотирлатади.

"Московский Комсомолец"га кўра, "Путин ўзини "Россия императори" деб эълон қилиши мумкин, аммо у россияликларнинг ақлига ўзини "янги раҳбар" деб сингдира олмайди.

"Ведомости" рўзномаси жаноб Медведевнинг президентлиги Путиннинг учинчи муддати учун ниқоб бўлган холос, деган хулосага келган.

Рўзнома Россияни ҳалокат сари бораётган "Титаник"ка ўхшатади.

Ҳиссалар нархи тушмоқда

Душанба куни эрталаб Россиядаги молия бозорларида ҳиссалар нархининг тушиши кузатилган.

РТС индекси 3 фоиздан кўпроқ, ММВБ ҳиссалари эса 2.5 фоиздан кўпроқ қиймат йўқотган.

АҚШ доллари эса бирданига 35 тийинга ортиб, 32,4 рублни ташкил этган.

Кейинроқ индекслар кўтарилган, аммо таҳлилчиларнинг фикрича, яқин келажакда нима бўлишини башорат қилиш қийин.

Ҳиссалар нархига таъсир кўрсатаётган асосий омиллар жаҳон молия бозоридаги вазият билан бир қаторда Россия сиёсий ҳаётидаги воқеалар экани айтилмоқда.

Жумладан, 2012 йил мартидаги сайловларда президентликка Владимир Путин номзодининг илгари сурилиши ва Молия вазири Алексей Кудриннинг Дмитрий Медведев Бош вазир бўлгани тақдирда унинг ҳукуматига кирмаслиги ҳақидаги баёноти.

"Мен билан Медведев ўртасида иқтисодий сиёсат борасида келишмовчиликлар бор. Улар биринчи навбатда ҳарбий харажатларга тааллуқли", деб айтган Вашингтондаги саноати ривожланган 20 давлат молия вазирларининг учрашувида иштирок этаётган жаноб Кудрин.

Шанба куни иқтидордаги "Ягона Россия" партиясининг қурултойида путин Россия президентлигига номзодини суришини эълон қилган ва жорий Президент Дмитрий Медведевга бош вазирлик лавозимини таклиф этган.

Айни пайтда айрим таҳлилчилар Путин номзодининг илгари сурилиши Россиядаги молия бозорлари учун яхши янгилик, деган фикда.

Уларга кўра, бу қарор Россияда сиёсий аниқлик пайдо бўлганини англатади.

Истеъфо таклифи

Айни пайтда Президент Медеведев Бош вазир ўринбосари ва Молия вазири Алексей Кудринга агар президент билан келишмаса, душанба куни кун давомида истеъфо ҳақида қарор қабул қилишни таклиф этган.

Президент ҳузуридаги замонавийлаштириш бўйича комиссия йиғилишида жаноб Медведев кимки президент ва ҳукумат сиёсати билан келишмаса, ўзига ариза билан мурожаат қилиши мумкинлигини айтган.

"Сиз тезда бир қарорга келишингиз ва менга бугун жавоб беришингиз керак, ёки сиз ўзингиз айтаётган келишмовчилик йўқ, деган фикрдан келиб чиққан бўласиз. Бундай ҳолатда изоҳ беришингиз керак бўлади. Агар келишмовчилик ҳақиқатан ҳам бўлса, мен бошқа йўлини кўрмаяпман", - деган жаноб Медведев Молия вазирига.

Ўз навбатида жаноб Кудрин ўзи билан президент ўртасида ҳақиқатан ҳам келишмовчилик борлиги, аммо истеъфо борасида қарор қабул қилишдан аввал Бош вазир Путин билан маслаҳатлашишини айтган.

"Хоҳлаган одамингиз, шу жумладан, бош вазир билан ҳам маслаҳатлашишингиз мумкин, аммо токи мен президент эканман, бу борадаги қарорни ўзим қабул қиламан", - деган жаноб Медведев.