Саудия подшоси ҳайдовчи аёлни дарралаш ҳукмини бекор қилган

Саудия Арабистонидаги аёллар Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Саудия аёллар қироллик раҳбариятига босим ўтказиш умидида сўнгги пайтлари машина ҳайдаш бошлашган.

Саудия подшоси Абдулло аёл ҳайдовчини 10 марта дарралашга ҳукм этган маҳкама қарорини рад этганини илк бора Саудия маликаси интернетга олиб чиқади.

Кейинроқ бу борада ёзган хабар агентликлари эса ўз номини ошкор этмаган мулозимларга таянишди.

Шима исмли аёл ўтган ёзда Жадда шаҳрида машина ҳайдаб кетаётганида ушланган эди. У хотин-қизларнинг автомашина ҳайдашини ман этувчи қонунни бузганликда айбланган.

Саудия шаҳзодаси Алвалид ат-Тавилнинг рафиқаси, малика Амира бу борада ижтимоий мулоқот вебсаҳифасида ёзар экан, "Оллоҳга шукур, Шимани дарралаш бекор қилинди. Подшоҳимизга тасаннолар" - деб қайд этган.

Малика бу қарордан Саудиядаги барча аёллар хурсанд бўлишига ишонишини ҳам билдиради.

Хабарларга кўра, жорий йил охирида яна икки нафар аёл ҳам айнан машина ҳайдаш тақиқини бузишга оид айблар билан маҳкамага юз тутиши кутилаётган эди.

Кейинги ойларда эса мамлакат раҳбариятига босим ўтказиш умидида кўплаб аёллар Саудия шаҳарларида машина ҳайдай бошлашган.

Саудиядаги шаръий қонун-қоидаларга мувофиқ, аёлларнинг жамоат жойларидаги ҳатти-ҳаракатлари учун эрлари ва ёки оталаридан рухсат олишлари керак.

Аммо мухбирларга кўра, 2005 йили тахтга ўтирган Подшо Абдулло аёллар ҳуқуқлари масаласида анчайин ислоҳотпарвар сиёсат юритмоқда.

Бироз олдинроқ Саудия подшоси 2015 йили илк бора аёлларнинг ҳам сайловларда овоз бериш имконига эга бўлишларини эълон қилган эди.