Бирма ҳукумати баҳсли сув тўғони қурилишини тўхтатиб туришга қарор қилди

Cув тўғони қурилиши мунозараларга сабаб бўлаётганди Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Янги раҳбарият жамоатчилик талабларига қулоқ осмоқдами?

Бирма президенти баҳсу мунозаралар марказида қолаётган ва Хитой томонидан дастакланаётган сув тўғони қурилиши лойиҳасини тўхтатиб туришга қарор қилди.

Парламентга йўлланган мактубида Бирма Президенти Thein Sein 3.6 миллиард долларлик Myitsone тўғони халқ ва ҳуқуқшунослар истакларига зид эканини урғулаган.

Демократия яловбардорларидан Аун Сан Су Чи яқинда тўғон қурилишига қарши кампанияга қўшилган эди.

Президентнинг бу қарори ижтимоий ва сиёсий фаоллар учун ноёб бир ғалаба сифатида кўрилмоқда, дейди Банкокдаги мухбиримиз Рейчел Ҳарвий.

Мухбиримизга кўра, янги раҳбарият бу каби амаллар билан ўзининг жамоатчилик талабларига қулоқ осадиган қилиб тақдим қилиш ва шу йўл билан легитимлигини мустаҳкамлаш ниятидадир.

Бирма армияси рамзий бир маънода қудратни фуқаролик ҳукуматига топширган, аммо аксарият раҳбарлар собиқ ҳарбийлар экани айтилади.

Мухбиримизга кўра, фаоллар Президентнинг айни амалига шубҳа билан қарашади, чунки тўғон қурилишини тўхтатиш фақатгина унинг қудратдаги муддати билан боғлиқ.

Президентлик муддати 2015 йилда ниҳоя топади.

Айни тўғон қурилиши лойиҳаси Бирма ва Хитой томонидан ишланган ва Ирравадди дарёсида тикланиши керак эди. Качин штатида эса этник озчиликдан бўлган жангарилар ва ҳукумат қўшинлари зиддияти давом этмоқда.

Тўғон қурилишига қарши фаоллик ҳарбийлар қўллаб қувватлаётган янги ҳукумат учун синов сифатида кўрилмоқда.

Бирмада шунингдек, аксилхитой кайфиятлар тобора кескинроқ тус олаётир.

Пекин эса, халқаро жазо чоралари билан рўпара келган Бирманинг табиий заҳираларидан фойдаланиб қолиш учун анча фаоллашган.

Айни тўғон ишлаб чиқарадиган электр энергиясининг аксар қисми Хитойга узатилиши кўзда тутилганди.

Агар тўғон қурилса минглаб қишлоқликлар ўз уйларини ташлаб чиқишга мажбур бўлишар эди.

Тўғон қурилиши атроф муҳит вазияти нозик бўлган ва ҳам Бирма армиясига қарши курашаётган Качин жангарилари ҳудудидадир.

Бу эса сиёсий мухолифат учун ҳукуматга қарши яна бир дастакка айланар эди.

Айни сабаблар эса Бирма президентини бу каби нозик масалани орқага суриб туриш маъқулроқ деган хулосага етаклаган бўлиши табиий.

Тўғон қуриладиган бўлса у дунёдаги энг баланд тўғонлардан бирига айланарди.

Ҳозирга қадар Пекин Бирманинг бу кутилмаган қарорига расмий муносабат билдиргани йўқ.