Индонезия расмийлари: черковдаги худкушлик ҳужумига алоқадор шахс қўлга олинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Индонезия полициясига кўра, ўтган якшанба куни насроний черкови ёнида ўзини ўзи портлатган худкуш ҳужумчига ёрдам берганликда гумон этилган шахслардан бири ҳибсга олинган.

Расмийларга кўра, террор гумондорининг камида икки ҳужумга алоқаси бор деб кўрилмоқда.

Маҳаллий полиция раҳбари подполковник Луфти Мартадианнинг айтишича, қўлга олинган шахснинг исми-шарифи Бани Асрий.

У жума куни ота-онасининг Ғарбий Суматра вилоятидаги Солок деб аталадиган бўлгасидаги уйида қўлга олинган.

Полицияга кўра, Бани Асрий ўтган якшанба куни Ява ороли марказидаги Соло шаҳрида жойлашган черков ҳамда шу йилнинг апрел ойида Сиребон шаҳрида жума намози пайти масжидга уюштирилган худкушлик ҳужумларига кўмаклашган.

Насроний черковига ҳужум оқибатида камида 20 инсон жароҳатланган.

Сиребондаги масжиддаги портлашда қарийб 30 полиция ходими яралангани хабар қилинган.

Подполковник Луфти Мартадиан айтишича, гумондорни сўроқ қилиш учун пойтахт Жакартага олиб кетишган.

25 сентябр куни Соло шаҳридаги Бесел Инжил Сепулух черковидаги ибодат тугаганидан кейин портлаш юз берган, ҳужумга алоқадорлик гумони билан полиция тўрт кишига қидирув эълон қилган эди.

26 ёшли Бани Асрий қидирувдаги тўрт кишидан бири бўлган.

Ҳужумдан кейин гапирган Индонезия Президенти Сусило Бамбанг Йудхойоно айтишича, ҳужумдан кейинги қолдиқлар ва дастлабки тергов шуни кўрсатганки, бомбачи Сиребондаги масжиддаги худкушлик ҳужумини содир этган ҳужумчи билан бир гуруҳнинг аъзоси бўлганлар.

Полиция Сиребон масжидига ҳужумдан кейин беш кишига қидирув эълон қилган эди.

Индонезия мусулмон аҳолиси энг кўп мамлакатлардан бири, лекин мамлакат тизими дунёвий давлат ҳисобланади.

Бундан олдин ҳам Индонезия оролларига исломий жангари гуруҳлар қатор қонли ҳужумларни содир этганлар.