Қаддофийчиларнинг сўнгги истеҳкомларидан бири Сирт шаҳрини тинч аҳоли тарк этмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ливиянинг қудратдан ағдарилган раҳбари Муаммар Қаддофий туғилиб ўсган Сирт шаҳрига мамлакатнинг Миллий Ўтиш даври кенгаши кучлари сўнгги ҳужумларни бошлашга тайёрланар экан, юзлаб сиртлик тинч аҳоли шаҳарни тарк этмоқда.

Айни пайтда Халқаро Қизил Хоч ташкилоти Сирт шаҳрида дори-дармон, ичимлик суви тақчиллиги юзага келганидан огоҳлантирган.

Халқаро ташкилот зудлик билан шаҳарга дори-дармон етказиш зарурлигини таъкидлаган.

Сиртдаги Ибн Сино шифохонаси шифокорларига таяниб Халқаро Қизил Хоч ташкилоти хабар беришича, шифохонада 200 тача ярадор бор, лекин дори-дармон етишмаяпти, сув таъминоти ва электр қуввати узилган.

Урушаётган тарафлар халқаро ташкилот вакилларининг шаҳарнинг бош шифохонасини бориб кўришларига рухсат берганлар.

Ярадорларни кислород билан таъминлаб бўлмаётгани сабабидан ҳам инсонлар вафот этаётганини айтишган шифокорлар.

Халқаро Қизил Хоч ташкилоти баёнотида Сирт шаҳрини ичимлик суви билан таъминлайдиган иншоот вайрон бўлгани сабабидан аҳвол оғирлиги урғуланган.

Халқаро ташкилот вакиллари ўзлари билан энг зарур тиббиёт воситаларини олиб боришган.

"Бироқ биз ярадорлар билан кўриша олмадик. Портлашлар бошланди. Бир неча ракета шифохона биноси ёнига келиб тушди. Биз тартибсиз отишмаларни кўрдик. Ўқлар қаердан отилаётганини билмадик", деб айтган халқаро ташкилот вакили Ҳишом Хадхрауи.

Ўзларига тегишли юкларни автомобилларига ортган сиртликлар карвони шаҳардан ташқарига чиқишдаги текшириш нуқтасида йиғилиб қолганлар.

Сирт шаҳри Ливия Миллий Ўтиш даври кенгаши кучларига қарши турган икки асосий шаҳардан бири бўлиб турипти.

Шаҳардан чиқаётганларнинг айтишларича, озиқ-овқат заҳиралари ҳам тугаб бормоқда, вазият тобора оғирлашмоқда.

Халқаро Қизил Хоч ташкилотига кўра, 10 мингтача одам Сирт шаҳри атрофидаги саҳрога чиқиб ўрнашганлар, улар ўзларининг уйларидан узоққа кетишни истамаяптилар.

Сирт шаҳри НАТО кучлари томонидан ҳаво ҳужумига ҳам тутилмоқда.

Қаддофийга содиқ кучлар бир неча ҳафтадан буён қаттиқ қаршилик кўрсатмоқдалар.

30 сентябр куни Миллий Ўтиш даври кенгаши кучлари Сирт аэропортини қўлга киритганлар.

Қўшинлар шаҳар шарқи ва ғарбидан мувофилаштирилган ҳужумларга ўтиб, Сирт марказини қўлга олишга интилмоқдалар.

Бани Валид шаҳрини ҳам қаддофийчилар назорат қилиб туришипти.