Ёрдам ташкилотлари: 'Афғон аёллари ҳақ-ҳуқуқлари таҳдид остида'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Британиядаги етакчи ёрдам ташкилотларига кўра, Толибон тузуми қулатилганидан ўн йил ўтиб ҳам, Афғонистондаги хотин-қизларнинг ҳуқуқлари хавф остида қолмоқда.

"Оксфам" ва "Акшион Эйд" жамғармаларига кўра, аксарият афғон аёллари Толибон билан сиёсий битимга эришиш учун, орада қўлга киритилган ютуқлар ҳам қурбон бериб юборилишидан хавотирдалар.

"Акшион Эйд"сўровига кўра, минг нафар иштирокчидан аксарияти яна Толибон тузумига ўхшаш ҳукуматнинг қудратга келишидан ҳам қўрқувда эканини билдирган.

Британия ҳукумати ўтиш даврида афғон аёллари аҳволини яхшилаш йўлида қаттиқ ишлаётганини айтади.

Вазият хавфсизроқ "Акшион Эйд" жамғармасига кўра, кўплаб афғон аёллари ҳали ҳамон ўзларининг энг асосий ҳақ-ҳуқуқларидан маҳрум қолишмоқда.

Жамғармага аён бўлишича, сўровда иштирок этганларнинг 72 фоизи 2001 йил Афғонистонга қарши ҳарбий амалиётлар бошланганидан бери аҳвол яхшиланган дея ҳисоблашади.

Бироқ, 37 фоиз халқаро қўшинлар чиқиб кетишлари билан Афғонистон яна аёллар учун энг ёмон мамлакатга айланишидан қўрқишади.

Афғон аёлларининг учдан икки қисми ўзларини 10 йил олдингига қараганда хавфсизроқ ҳис қилишади.

Толибон даврида қиз-жувонларнинг мактаб ва ё ишга чиқишларига рухсат берилмаган, тиббиёт хизматларидан фойдаланишлари мушкул ва бирон бир эркак қариндошининг ҳамроҳлигисиз кўчага чиқишлари тақиқланганди. "Акшион Эйд"нинг айтишича, ўтган ўн йил асносида маълум ютуқлар қўлга киритилган, бироқ аёллар ҳаётларини яхшилаш йўлида ҳали кўп тер тўкилиши керак.

Жамғарма чиқарган ҳисоботда: "Аёллар эркин таълим олишлари ва ишлашлари мумкин. Улар ҳукумат вазирлари ва парламент аъзолари сифатида хизмат қилишади, шифокор, ўқитувчи, профессор, тадбиркор ва ҳуқуқшунослар сифатида ишлашмоқда. Бу кўзга кўринарли илгарилаш. Аммо, йирик мушкулотлар мавжуд, кўплаб аёллар ҳали ҳануз асосий ҳақ-ҳуқуқларидан мосуво қолишмоқда", дейилади.

"Акшион Эйд"нинг ишонишича, аёллар масаласи тинчлик жараёни, миллий ярашув ва ўтиш даврида эътибордан ташқари қолмаслиги керак. Шундагина уларнинг ҳозирга қадар эришган ютуқларини сақлаб қолиш мумкин.

"Акшион Эйд" томонидан ташкил этилган сўров Кобул, Балх, Қндаҳор, Ҳирот ва Бомиён вилоятларидаги аёллар орасида олиб борилган.

Би-би-сининг дипломатик масалалари бўйича мухбири Бриджет Кендел (Bridget Kendell) аёллар ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятнинг ўнгланиши Афғонистонга 10 йил олдин бошланган ҳарбий сафарбарликдан кўзланган мақсадларидан бири экани айтилганди.

Афғонистоннинг ўзидан қараш

Ўз ўрнида афғонистонлик фаоллар ҳам уларнинг хавотирларига қўшилиб, мамлакатда хотин-қизлар ҳуқуқлари жиддий оёқ-ости қилинаётганини танқил қилишган. Кобулдан Фазил Аҳмад Ёлғуз бу хусусда аёллар фаолларидан Саҳира Шикиб Саодат хонимларини суҳбатга чорлаган:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди