Ҳаққоний тармоғи раҳбари Толибон раҳбариятига бўйсунишини айтди

Афғонистондаги Ҳаққоний жангари тармоғи раҳбари Сирожиддин Ҳаққонийнинг айтишича, АҚШ жосуслик хизматлари ўзларига Афғон ҳукумати билан тинчлик музокаралари олиб бориш таклифи билан чиқишган.

Сирожиддин Ҳаққоний бу ҳақда Би-би-си билан камдан кам бўладиган суҳбатида айтган, аммо ўзининг жавоби қандай бўлганини очиқламаган.

Кобулдаги сўнгги ҳужумлар ҳақида гапира туриб, у ҳужумлар Толибон тайинлаган ҳарбий кенгаш тарафидан режалангани ва тармоқ Толибон буйруғи асосида амал қилганини айтган.

Аммо у Афғон ҳукуматининг бош тинчлик музокарачиси бўлган собиқ президент Бурҳониддин Раббонийнинг ўлдирилишига алоқалари борлигини рад этган.

Америка томони Ҳаққоний гуруҳини энг ашаддий рақибларидан бири санайди ва раҳбари Жалолиддин Ҳаққоний бошига 5 миллион доллар мукофот пули ҳам тиккан.

Сирожиддин Ҳаққоний Би-би-си Паштун хизматининг ёзма саволларига жавобларни ўз овози билан ёзилган ҳолда тақдим этган.

Би-би-си назарида овоз ҳақиқатан ҳам Ҳаққонийга тегишли.

Суҳбат Сирожиддин Ҳаққонийнинг дуои саломлари билан бошланган.

"Би-би-сидаги барчага саломларим. Жорий вазият сабаб, сиз билан учрашиб, суҳбатлаша олмадик. Шу сабабдан ҳам, жавобларимдан юзма-юз суҳбатдагиси даражасида тўлиқ қониқиш ҳосил қилмаслигингиз менга аён", деб айтган Сирожиддин Ҳаққоний.

Унга кўра, Афғон ҳукумати сафига қўшилишларини истаб, айрим хорижий давлат мулозимлари ўзлари билан алоқага чиқишган.

"Шўроларга қарши кураш олиб борган пайтимизда, Покистон Истиғборот Хизматлари билан алоқада бўлганмиз. Бироқ жорий пайтда улар билан биз мужоҳиддинларга фойдали бўлган алоқаларимиз йўқ. Америкаликлар Афғонистонга келган илк кундан бошлаб, нафақат Покистон, балки уларнинг ўзлари дохил бошқа исломий ва ноисломий мамлакатлар ҳам биз билан боғланишди ва ҳануз шундай қилишмоқда. Улар бизнинг Исломий Амирликдан чиқишимизни сўрашмоқда. Афғон ҳукуматидан салмоқли ўринларни ваъда қилишаётир. Кейин музокаралар олиб боришни ҳам таклиф этишмоқда. Аммо ҳар гал биз уларга бориб Исломий Амирликнинг ҳайъати билан боғлан, деб жавоб бераяпмиз. Чунки биз фақат муайян ҳарбий ҳудуд учун масъулмиз. Бизга яна шуниси аёнки, улар тинчликни эмас, Исломий амирликни парчалашни исташади", деб айтган аудио ёзувида Сирожиддин Ҳаққоний.

У, Ҳаққоний гуруҳи Толибон раҳбарияти остида, деб айтган.

"Амирул мўминийн Мулла Умар бизнинг раҳбаримиз ва биз унга итоат этамиз. Толибон ҳаракати ёки Исломий Амирлик бизга муайян вазифаларни топширади. Биз амирлик тартиб-қоидаларига мувофиқ, уларни амалга оширамиз. Исломий Амирлик ҳар бир амалиётга буйруқ беради, режалаштиради, молиялайди. Бу ерда бизнинг алоҳида фирқа ёки гуруҳ эканимиз ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас", деб айтган Сирожиддин Ҳаққоний.