Қизларни эрта турмушга узатиш фақат Ўзбекистонга хосми?

Жаҳон бўйлаб миллионлаб қизлар вояга етмай туриб турмушга узатиладилар. Аммо, айрим ҳолларда қизалоқлари оилаларининг иродасига қарши боришади.

Зотан, вояга етмаган болаларни турмушга бериш кўплаб мамлакатларда ноқонунийдир.

Жорий йил ЮНИСЕФ чиқарган ҳисоботга кўра, дунё бўйлаб бир йилда 10 миллион нафар 18 га тўлмаган қизлар турмушга узатилар экан.

Ўтган ой жанубий африкалик архиепископ Десмонд Туту "Қизалоқлар келинчаклар эмас" деб номланган глобал кампания бошлади.

У болаларни турмушга узатиш "миллионлаб қизларнинг болаликлари, ҳуқуқлари ва қадр-қимматларини ўғирлайдиган амал" эканиини айтади.

Менинг мамлакатим Афғонистонда ҳар икки бувим ҳам, холам ҳам вояга етмай оила қуришган.

Аммо, уларнинг оилалари нормал, ҳатто бахтли ҳисобланган.

Мен ёш болалар турмуш қуриши бўйича энг юқори ўринларда бўлган Ҳиндистон ва Бангладешга бориш ва у ердаги гўдак келинчаклар билан учрашишга қарор қилдим.

Дунё бўйлаб болалар ўртасидаги никоҳ ҳолларининг 40 фоизи Ҳиндистонда кузатилади.

Шимолий Ражостан штатида мен 6 ва 11 ёшлар атрофида бўлган опа-сингилларнинг тўйларига гувоҳ бўлдим.

Катта ёшдаги аёл қариндошлар қизларнинг атрофларида гирдикапалак бўлишар, уларни қизил ялтироқ зар ўтган либосга ўраб, юзларини упа-элик билан пардоз қилишарди. Келинчаклар эса, худди итоаткор болалар каби буларнинг барига қўйиб беришарди.

Ҳиндистонда болаларнинг оила қуриши қонунан маън этилган. Қонунга риоя қилмаганлар 100 минг рупей - 2000 Америка доллари миқдорида жарима ва икки йиллик қамоқ билан жазоланади.

Image caption Мамта(чапда) эрта турмушга чиққани туфайли саводсиз бўлиб қолганини айтади

Бироқ бу мен борган тўйда шодон рақс тушаётган меҳмонларни ҳам ва ё ёшларнинг бошларини қовуштираётган руҳонийни ҳам хавотирга солаётган кўринмасди.

Бир пайт келинчакларнинг бобоси: "Ҳукуматнинг бизни тўхтатишга уринишлари менга жуда ёқмайди. Бу - олдиндан қилиб келган русумимиз. Ҳукумат эса, вояга етмаганларнинг оила қуришларига қарши. Аммо, бизга буни фарқи йўқ, барибир тўй маросимларни ўтказаверамиз”, дея шикоят қилиб қолади.

Маҳаллий ноҳукумат ташкилотларидан бири ходимаси Динеш Шарманинг айтишича, чекка қишлоқларда болаларни турмушга узатиш расми бутунбошли жамоа тарафидан қўллаб-қувватланади. Жуда камдан-кам ҳолларда полиция формасидаги кимдир келиб буни тўхтатишга уринади.

Ражостандаги қизлар жуда ёш турмушга берилаётган бир пайтда куёв болаларни ҳам у қадар катта деб бўлмайди. Баъзан келин-куёв тенгдош бўлсалар-да, 15 ва ё 16 ни етганларидан сўнг бирга эру-хотин бўлиб яшай бошлайдилар.

Барибир ёш болаларнинг оила қуришлари уларнинг ҳаётда ўз ўринларини топишлари йўлидаги имкониятларни чеклаб қўяди.

Икки фарзанднинг онаси Рухмани 26 ёшда. У олти ёшида турмушга берилган ва эри билан 15 ёшидан бирга яшай бошлаган.

"Агар кечроқ турмушга чиққанимда ўқиш ва ёзишни ўрганган бўлардим. Таълим олганимда эди, далада жазирама иссиқда оғир меҳнатни қилишга мажбур бўлмасдим", дейди Рухмани.

Болалигида узатилганлардан яна бири Мамта ҳам ўқиш имкониятига эга бўлолмаганидан афсус қилади. Аксинча, у эрининг доимий калтакларига бардош беришдан ўзга чораси қолмаганини айтади.

Image caption Эрта турмуш қуриш болаликни ўғирлашми?

Аёллар бўйича Халқаро Тадқиқот Марказига кўра, Ҳиндистоннинг айрим штатларидаги 18 га етмай туриб оила қурган қизларнинг аксари турмуш ўртоқлари томонидан калтакланишади ва ё таҳдидларга дуч келишади. Бундай ҳаётга маҳкум қизларнинг сони кейинроқ турмуш қурганларникидан икки баробар кўп экан.

Эрта оила қурганлар дуч келадиган энг йирик муаммо бу таълим олишдан маҳрум қолишдир.

Ражостандаги маҳаллий ноҳукумат ташкилоти - Шив Шикша Самити қизларни турмуш қуришдан бош тортишга рағбарлантириб, уларга мактабда қолиш ўта муҳимлигини тушунтиради.

Ташкилот 14 ёшли Рошан Баирвага ёрдам беришган. Кейин Рошан ота-онасининг истакларига қарши бориб, мактабда қолишни талаб қилган.

“Мен ўз сўзимда қаттиқ турганимдан бери қишлоғимиздан бирон бир қиз турмушга чиқмади”, дейди Рошан фахр билан.

Аммо ташкилот ходимаси Шивжи Рам Ядав Рошаннинг оиласини кўндириш учун қишлоқда текин ўрта мактабнинг борлиги асосий рол ўйнаган.

Қўшни Бангладеш Жанубий Осиёда вояга етмаганлар турмуш қуришлари бўйича баландда, дунё бўйлаб эса, тўртинчи ўринда туради. Бангладешда ҳам болалар никоҳи ноқонуний ҳисобланади.

Бу ерда ёш қизлар балоғатга етар-етмас узатилади. Ва одатда эрлари билан ўша пайтданоқ бирга яшай бошлайдилар.

Сима 14 ёшда. У 19 ёшли эрининг уйига кўчиб ўтганига бир йил бўлган.

Ҳозир унинг ҳаёти эркин болалик пайтидагидан мисли кўрилмаган даражада фарқ қилади.

“Тўйдан кейин менинг ишим нима? Идишларни ювиш, полни артиш, кир ювиш ва овқат қилиш”, дейди у.

Image caption 14 яшар келинчак, 19 ёшли куёв

Симанинг ҳозир тўрт ойлик ҳомиласи бор.

“Аввал ўзим бола эдим ва энди эса, болали бўламан. Албатта, бу қўрқинчли”, дейди у.

Бангладешдаги “Акшин Эйд” ташкилоти раҳбари Фараҳ Кабирга кўра, аҳолининг катта қисми қашшоқликда яшайди.

Кўп оилалар қизлари ва ё сингилларини имкон қадар тезроқ, ҳатто ёши анча каттароқ бўлса ҳам, боқа оладиган одамга турмушга узатиш пайида бўлишади.

Айрим бангладешлик қизлар учун ечим - мамлакатдаги кийим-кечак саноатида ишлаш.

Бу уларга иқтисодий мустақиллик ва эрта оила қуриш талабини рад этишга ирода беради.

Мунни 13 ёшида турмушга чиқишдан бош тортган ва бунинг ўрнига тикувчилик бўйича иш топган.

“Ҳозир ота-онам мени узатишни истайдилар деб ўйламайман. Улар қизимиз кўп топаяпти ва бизга ёрдам беряпти дейишади”.

Хуллас, текин таълим олиш имкониятлари биланми ё-да, ишлаб пул топибми, ёш қизалоқлар эрта турмушга чиқмаслик учун оилаларини кўндиришлари осон кечмайди.

Қизлар учун танлов имкониятлари эса, ўта чекланган ва ҳар доим бу имконли эмас.

Токи, вояга етмаган болалар никоҳига қарши қонун рисоладагидек амалга қилмас экан, қизалоқларнинг ҳаёти ҳимоясиз қолаверади.

Сиз ушбу масалага қандай қарайсиз?

Ўзбекистонда ҳам йил сайин турмушга узатилаётган қизларнинг ёши ҳам "ёшариб" бораётганига қандай қарайсиз ва бунинг сабаблари нимада?

Ўзбек жамиятида кенг тарқалган "Қари қиз" тушунчаси нималарга боғлиқ?

Фикр-мулоҳазаларингизни Би-би-си ва муштарийларимиз билан ўртоқлашинг.

Электрон почтамиз манзили uzbek@bbc.co.uk