Россия ва Хитой Сурияга қарши БМТ резолюциясига вето қўйишди

Хавфсизлик Кенгаши

Россия ва Хитой БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Сурия ҳукуматига қарши резолюциясига вето қўйишди.

Резолюция Сурия ҳукуматининг аксил-ҳукумат чиқишларини бостиришда қўллаган чораларини кескин қоралайди.

Овоз беришда ветони четлаб ўтиш мақсадида Дамашққа қарши жазо чораларини қўллашни назарда тутувчи тўғридан-тўғри чақириқлар резолюциядан олиб ташланган эди.

Бироқ Москва ва Пекин ушбу ўзгартиришлардан қониқишмади. Вашингтон вакили эса Қўшма Штатлар овоз бериш натижаларидан "ғазабда" эканини айтди.

Ню-Йоркдаги Би-би-си мухбири Лора Тревелян сўзларига кўра, Россия ва Хитой томонидан икки томонлама ветонинг қўйилиши - Суриядаги инқирозни халқаро ҳамжамият кучи билан ҳал қилишга уринаётган Қўшма Штатлар ва Оврўпо Иттифоқига жиддий зарбадир.

БМТ маълумотига кўра, Сурияда шу йил март ойида оммавий чиқишлар бошланганидан буён 2700 кўпроқ одам ҳалок бўлган.

Башар Асад бошчилигидаги Сурия ҳукумати мухолифат билан мулоқот олиб бораётгани ва кенг кўламли ислоҳотга тайёрланаётганини айтади.

Дамашқ расмийларига кўра, тартибсизликлар ортида ноқонуний қуролли гуруҳлар турибди.

"Номақбул резолюция"

Британия, Олмония ва Португалия кўмагида Франция томонидан тайёрланган резолюцияни қабул қилиш учун БМТ Хавфсизлик Кенгашининг 15 аъзосидан тўққиз нафари овоз берган. Тўрт мамлакат вакиллари овоз беришдан тийилганлар.

Тартибга кўра, резолюциянинг қабул қилиниши учун Хавфсизлик Кенгашининг аксари уни қўллаб-қувватлаши лозим, аммо Хавфсизлик Кенгашининг беш доимий аъзоси - Россия, Хитой, Франция, Буюк Британия ва АҚШ - вето ҳуқуқидан фойдаланиб, овоз бериш натижаларини бекор қилиши мумкин. Бу гал худди шундай бўлди.

Сурия масаласида Пекин ва Москва мавқеъи билан олдиндан танишиб чиққан Оврўпо мамлакатлари вето қўйилишини четлаб ўтишга уринганлар.

Бироқ Россия Ташқи ишлар вазирининг муовини Геннадий Гатилов резолюцияни "номақбул", дея атаган. Унинг ишонишича, резолюция Башар Асад ҳукуматини мухолифат билан диалогга чақириш ўрнига, Сурияга қарши жазо чораларини қўллашни назарда тутади.

Пекин, ўз навбатида, "ҳозирги шароитда қарши жазо чораларини қўллаш ёда унга таҳдид қилиш Суриядаги муаммоларга ечим топиш имконсиз деб ишонади", дея баёнот берди Хитой вакили Ли Баодун.

"Бундай чоралар вазиятни янада чигаллаштириб юборади", - деб огоҳлантирди у.

Хавфсизлик Кенгашида бўлиниш Ливиядаги можаро туфайли кескинлашди. Москва ва Пекиннинг ишонишича, НАТО Хавфсизлик Кенгаши резолюциясини оёқ ости қилган.

Таҳлилчилар сўзларига кўра, овоз бериш натижалари Сурия можароси юзасидан дунёнинг қудратли давлатлари турлича мавқеъда эканини кўрсатади.