Ғарб матбуоти: 'Путин СССРни қайта тикламоқчи'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption "Путин учун Овросиё Иттифоқи тарихда қолишнинг йўли"

Ғарб матбуотига кўра, Владимир Путиннинг Овросиё Иттифоқини тузиш ғояси СССРнинг қайта тикланиши ҳақидаги хавотирларни пайдо қилган.

"Келаси йил президентликка қайтишини эълон қилганидан бир ҳафта ўтиб, Владимир Путин Россиянинг собиқ совет қўшниларини қайтадан бир жойга тўплаш ҳақидаги улкан ғояни илгари сурди",- деб ёзади "Гардиан" рўзномаси.

Британ рўзномасига кўра, "Овросиё Иттифоқи" Россиянинг халқаро майдондаги таъсирини янада кучайтиради.

"Гардиан" Овросиё Иттифоқини тузиш ғояси "Совет Иттифоқининг қулашини "20-асрнинг энг йирик геосиёсий фалокати" деб таърифлаган шахсдан чиқаётганига эътибор қаратади.

Рўзномага кўра,бу Путиннинг империалистик қарашларини акс эттиради.

Путин Россиянинг Совет Иттифоқи қулаши баробарида йўқотган қудратини қайта тиклаш учун Москва раҳбарлигида сон-саноқсиз ташкилотлар тузганини таъкидлаган "Гардиан"нинг Москвадаги мухбири Мириам Илдарнинг фикрича, собиқ совет ҳудудида Оврўпо Иттифоқига ўхшаган бир иттифоқни яратиш осон бўлмайди.

Халқаро Молия Жамғармасига кўра, Оврўпо Иттифоқи давлатларининг биргаликдаги ялпи ички маҳсулоти 16 триллионни ташкил этади, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг умумий йиллик ялпи ички маҳсулот ҳажми эса бор-йўғи 1.9 триллион долларга тенг.

The Telegraph рўзномасига кўра, Путиннинг орзуси рўёбга чиққани тақдирда Россия яна Ер юзининг бешдан бир қисмида ҳокимлик қилиши мумкин.

"Телеграф"нинг Москвадаги мухбири Эндрю Осборннинг ёзишича, Путиннинг ғояси рус миллатчилари ва СССР давридаги барқарорликни соғинган кекса ёшдаги руслар томонидан олқишланади.

Мақола муаллифига кўра, гарчи жаноб Путин янги Иттифоқнинг Совет Иттифоқидан фарқли бўлишини урғулаган эса-да, аслида кўп жиҳатдан СССРга ўхшаш бўлади.

"Коммунизмнинг ўрнини авторитаризм эгаллайди, аъзолик ихтиёрий бўлади, аммо геосиёсий ва бошқа жиҳатдан бу Совет Иттифоқининг ўзгинаси бўлади", - деб ёзади муаллиф.

"Путин бир пайтлар Совет Иттифоқини ташкил этган 15 жумҳуриятнинг барчасини ҳеч қачон қайтадан бирлаштира олмайди. Болтиқбўйи давлатлари - Латвия, Эстония ва Литва аллақачон Оврўпо Иттифоқининг аъзолари ва 2008 йилда Россия билан урушда ўз ҳудудининг 20 фоизини йўқотган Гуржистоннинг эса, бу каби Иттифоққа қўшилиши ҳақиқатдан узоқ", - деб ёзади рўзнома.

Аммо Телеграф мухбирининг фикрича, Путиннинг ўзига ўхшаган қаттиққўл раҳбарлар томонидан бошқарилаётган бошқа давлатларга бу ғоя маъқул келиши мумкин.

"Шубҳасиз, улар янги иттифоқда Россиянинг устунлигини камайтириш учун курашадилар. Аммо шу билан бирга, улар янги блокни халқаро майдонда ўз овозларини кучайтириш ва диктаторларнинг пайтавасига қурт тушган бир пайтда ўзларининг яккаҳокимлик тузумларини мустаҳкамлаш йўли, деб кўришлари мумкин", - деб ёзади рўзнома.

Британ нашрига кўра, Путин учун бу тарихда қолишнинг йўлидир.

"Тарафдорлари уни 1990-йиллардаги бошбошдоқликдан сўнг Россияни парчаланишдан асраб қолган шахс сифатида кўрадилар. Сохта Совет Иттифоқини яратиш билан эса у Россия Империясининг йўқотишларини қоплаган шахс сифатида хотирланиши мумкин", дейилади мақолада.

Дэйли Мейл рўзномасига кўра, Путиннинг ғояси СССРнинг қайта тикланиши билан боғлиқ қўрқувни пайдо қилган.

Нашрнинг ёзишича, янги иттифоқ СССРга ўхшамайди, деган гаплар баъзи собиқ совет давлатларини ишонтириши қийин.

"Уларнинг кўпчилиги Кремлнинг ниятларига шубҳа билан қарайдилар", - деб ёзади Дэйли Мэйл.

The Financial Times блогида журналист Изабел Горст Овросиё Иттифоқи Қозоғистон учун нимани англатишини таҳлил қилишга уринган.

Унинг фикрича, Овросиё Иттифоқи ғоясининг ўзи Нурсултон Назарбоевга ёқади.

"1991 йилда у СССРнинг тарқатиб юборилишини унчалик ҳам истамаганди. Аммо шу билан бирга, бу 71 ёшли собиқ КПСС арбоби Россия, Хитой ва Ғарб ўртасида мувозанат сақлаб, Қозоғистоннинг мустақиллигини кафолатлашга уринмоқда", - деб ёзади журналист.