Сўнгги янгиланиш 6 октябр 2011 - 16:48 GMT

Грознийга асос солинган кун Рамзан Қодиров таваллуд кунида нишонланди

Чеченистон Президенти Рамзан Қодиров пойтахт Грознийда юлдузларга тўла зиёфат уюштирган, бироқ бу унинг 35 ёшга тўлиши билан боғлиқ эканини рад қилган.

Зиёфатда иштирок этиш учун олиб келинган меҳмонлар орасида Ҳолливуд юлдузлари Ҳиллари Сванк, Жан-Клод Ван Дам, Кевин Костнер ва скрипкачи Ванесса Мейлар бор эди.

Жаноб Қодиров ўзининг 35 йиллик таваллудини оммавий тарзда нишонлашни таъқиқлаган.

Аммо, унинг туғилган куни Грозний шаҳрига асос солинган кун билан бир вақтга тўғри келиб қолгандек намойиш қилинди.

Чечен раҳбари ўз туғилган кунида унга совға беришни истаган ҳар қандай расмийни лавозимидан четлатишини айтиб огоҳлантирганди.

Лекин, аслида ҳаммаси бошқача бўлди.

"Туғилган кунингиз билан, жаноб Президент"

Икки уруш оқибатида вайронага айланган Грознийда лазер нурлари янги осмонўпар биноларни ёритди.

Қилич кўтариб олган чечен раққослари баҳайбат саҳнада гир-гир айландилар.

Олдинги қаторда ўтирган жаноб Қодиров қаршисида Ҳолливуд юлдузлари пайдо бўлди.

Аввало саҳнага асли белгиялик кино юлдузи Жан-Клод Ван Дам чиқди.

У ўз нутқини "Мен сизни севаман, жаноб Қодиров!" дея якунлади.

Голливудлик актриса Ҳиллари Сванк сўнг саҳнани эгаллади.

"Туғилган кунингиз билан, жаноб Президент," - деди у чечен раҳбарига юзланиб.

Улар ортидан скрипкачи Ванесса Мей томоша қўйди.

Унга зиёфатда қатнашиш учун 500 минг доллар тўлангани айтилади.

Пул қаердан келаётгани сўралганда, жаноб Қодиров кулиб юборди.

"Оллоҳ бераяпти пулни", - деди у журналистларга.

Ғарб юлдузларининг бу зиёфатда иштирок этишлари Рамзан Қодировни ўзига мухолиф одамларни қийноқларга солиб ўлдиришда айблайдиган инсон ҳақлари ташкилотларини ғазаблантириши мумкин.

Уларнинг айтишича, Қодиров Чеченистонни шахсга сиғиниш маданияти билан ўз қироллигига айлантирган.

Унинг отаси Аҳмад Қодиров икки чечен уруши орасида руслар томонига ўтиб, Россияга чечен урушида ғолиб келишга ёрдам берганди.

У исломий жангчиларнинг 2004 йил бомба ҳужумида ҳалок бўлган.

Рамзан Қодиров Россия Бош Вазири Владимир Путиннинг ашаддий тарафдорларидандир.

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

(Кўпи билан 500 белги)

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.