АҚШ фахрийлари Афғон ва Ироқ урушлари ҳақида салбий фикрда

АҚШ аскари

Британиянинг "Гардиан" рўзномасида чоп этилган мақолага кўра, америкалик уруш фахрийлари орасида ўтказилган сўров натижалари Президент Барак Обамани қийин аҳволга солиб қўйиши тайин.

Вашингтонда жойлашган "Пю" тадқиқот маркази томонидан олиб борилган сўровга биноан, фахрийлар ўз фаолиятлари билан ғурурланадилар, аммо улар уруш натижасида руҳий муаммоларни бошидан кечирганлар ва ҳарбий хизмат аскарлар ва уларнинг оилалари учун туғдирган муаммоларни оддий америкаликлар тушунмайди, деб билишади.

Аниқ бўлишича, фахрийларнинг аксари ўзини "америкалик" дея тасвирлашдан кўра "республикачи" дея таништиришни афзал кўради, уларнинг аксари Барак Обаманинг бош қўмондон сифатидаги фаолиятини қўллаб-қувватламайди, ҳамда аввалги фахрийлар авлоди билан солиштирганда, динга кўпроқ берилганлар.

"Пю" маркази бу сўров доирасида 1853 нафар фахрийни сўровдан ўтказган, уларнинг 712 нафари 11 сентябр ҳодислари ортидан армияда хизмат қилишган.

"Пю", шунингдек, ҳарбий соҳада хизмат қилмаган 2003 кишининг ҳам фикрини йиққан.

11 сентябр ортидан ҳарбий амалиётларда қатнашган аскарларнинг деярли ярими уларнинг хориждаги хизматлари турмуш ўртоқлари билан алоқаларининг таранглашишига етаклаганини айтишган. Ўхшаш сондаги аскарлар айни муаммолар фарзандлари билан ўрталарида юзага келганини билдирганлар.

Бироқ, уларнинг 60 фоизи улар ва оилалари хориждаги харбий хизматдан яхши молиявий даромад кўрганларини айтганлар.

Ўз бошидан кечирганларини бир сўз билан ифодалаш сўралганда, фахрийлар "натижаси қувонтирувчи", "даҳшат", "кўзни очувчи" ва "бўлмағур", деган сўзларни қўллашган.

Афғонистонда 98 минг америка аскарлари қолмоқда. Обама 2008 йилги президентлик кампанияси чоғида қўшинларни Ироқдан олиб чиқиш ва Афғонистондаги ҳарбий амалиётларни янада кучайтиришни ваъда қилганди.

У қўшинларни Ироқдан йил охиригача олиб чиқишга шайланмоқда, ўтган июл ойида эса Афғонистондаги аскарларнинг 10 мингини жорий йил ватанга қайтаришини ва яна 23 минг нафарини келгуси сентябргача олиб чиқишини айтган.

"Пю" тадқиқотидан аён бўлишича, фахрийларнинг аксари бу икки урушнинг нақадар зарур экани борасида бирон фикрга эга эмаслар, лекин улар учун камроқ талафотлар олиб келган Афғонистондаги амалиёт борасида ижобий қарашларга эгалар.

Сўров, шунингдек, фахрийлар орасида иҳоталаш сиёсати ҳисси кучайганини сезганини билдирган.

Ҳар 10 фахрийдан олти нафари Америка хориждаги муаммолардан кўра ички муаммоларга кўпроқ эътибор бериши керак, деб билишади.