Америка собиқ қўмондони: "Афғонистон урушида мақсадга эришилмади"

Image caption Америка кучларининг Афғонистонга кирганига ўн йил тўлди

Афғонистондаги иттифоқчи кучларнинг собиқ қўмондонига кўра, уруш 10 йилдирки давом этаётганига қарамай, АҚШ ва НАТО кучлари ўз мақсадлари сари силжий олмаганлар.

Истеъфодаги генерал Станли Маккристал АҚШ урушнинг "ўта содда" қараш билан бошлаган ва ҳали ҳам уни муваффақият билан якунлаш учун билимга эга эмас.

АҚШ амалиёти Усама бин Лодинни топиб, Толибонни йўқ қилишни мўлжаллаган. Бирлашган Миллатларга кўра, ўтган беш йилнинг ўзида 10 мингдан ошиқ оддий фуқаролар ҳалок бўлишган.

Аскарлар орасида эса 2,500 нафари нобуд бўлган, уларнинг аксари америкаликлардир.

Мазкур можаро аллақачон Вьетнам урушидан ҳам узоққа чўзилиб, Америка тарихидаги энг давомли урушга айланган.

"Сунъий англаш"

Image caption "...тарих борасида ўта жўн қарашга эга бўлганмиз". С.Маккристал

Ташқи Алоқалар Кенгашида нутқ сўзлай туриб, 2009-10 йилларда иттифоқчи қўшинларни бошқарган ва сўнгра ойномадаги интервьюси туфайли истеъфо беришга мажбурланган Генерал Маккристал АҚШ ва НАТО қўшинлари ўз ҳарбий мақсадларига элтувчи йўлнинг ярмидан сал кўпроғини босиб ўтишганини айтди.

Унга кўра, энг оғир вазифа афғонлар ишончини қозона оладиган ва Толибон таъсирини мувозанатда ушлаб тура оладиган қонуний ҳукуматни барпо қилишдир.

"Биз аввал ҳам етарли билимга эга эмасдик, ҳозир ҳам эга эмасмиз," деди у.

"Кўпчилигимиз, хусусан мен ҳам, вазият ва тарихни жуда сунъий йўлда тушунганмиз, ва охирги 50 йиллик тарих борасида ўта жўн қарашга эга бўлганмиз," деди генерал Маккристал.

Унинг қўшимча қилишича, Афғонистон ишғоли АҚШнинг 11 сентябр ҳужумлари ортидан ўзини мудофаа қилиш ҳуқуқини қўллаётганидек намоён бўлган бўлса, икки йил ўтиб Ироқнинг ишғол қилиниши "Америка саъй ҳаракатлари борасидаги мусулмон дунёсидаги қарашларни ўзгартирди", ва Афғонистонда зарур бўлиши мумкин бўлган ҳарбий заҳираларнинг сарфланишига сабаб бўлди.

Камтарона зафар

Image caption Толиблар қайтмоқдами?..

Кобулдаги Би-би-си мухбири Пол Вудга кўра Ғарб раҳбарлари НАТО 2014 йилда ҳарбий ролини тўхтатиши ортидан Афғонистоннинг баъзи қисмлари зўравонликлар ичида қолишини тан олишади. Унинг айтишича, Толибон билан тинчлик битимига эришилмагунча, бу урушнинг якун топишига кўпларнинг кўзи етмайди.

Афғон Кўмагини Мувофиқлаштирувчи АКБАР Агентлигига аъзо ноҳукумат ташкилотлар ўтган ўн йиллик ичида 57 миллиард доллар кўмак пули берилганини айтишади, аммо баъзи камтарона муваффақиятларга қарамай, кўп афғонларнинг турмуши ҳали ҳам ўзгармаган.

Масалан, Халқ Саломатлиги Вазирлигига биноан, бугунга келиб 80% афғонлар тиббий хизматдан баҳраманд бўлишлари мумкин. 2001 йилда бу кўрсаткич атиги 9% бўлган.

Аммо, янги касалхоналар кўп ҳолларда ёпилиб қолади ёки зарур жиҳозларга эга бўлмайди.

"Бош сарлавҳаларга айланадиган рақамлар ортида дори ё шифокорлари танқис бўлган касалхоналарга етишишга уринаётган, ва китоб ё синфхоналарсиз таълим олишга интилаётган болалар турибди," дейди АКБАР директори Анн Гарелла.

Афғонистон, шунингдек, охирги 10 йиллик ичидаги энг ёмон қурғоқчиликка юз тутмоқда. Жаҳон Озиқ-овқат дастурига кўра, 2.6 миллион одам ёрдамга муҳтож бўлади.