Россияда ҳамон журналистлар ва ҳуқуқ фаоллари хавф остида

Image caption А.Политковская ўлимидан беш йил ўтиб ҳам вазият ўзгармаган...

"Новая газета" нашрининг шарҳловчиси Анна Политковская ўлимидан беш йил ўтиб ҳам россиялик журналистлар, фаоллар ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари хавф остидалар, дейилади Амнести Интернейшнл ташкилотининг ҳисоботида.

Ташкилот вакили Жон Далҳейсенга кўра, мамлакатда инсон ҳуқуқлари бузилиши ва ҳукуматни танқид қилганлар аксарият пайтларда ҳужумга учрайдилар ва ё ўз вазифаларини адо этганлари учун ўлдириб кетиладилар.

"Бунга тоқат қилиб бўлмайди. Бу каби ҳужумлар тўла ва мустақил шаклда текширилмайди ва жиноятчилар беркинишга муваффақ бўладилар, " дейди ташкилотнинг Оврўпо ва Марказий Осиё лойиҳаси раҳбари ўринбосари.

2006 йилнинг 7 октябрида Анна Политковскаянинг ўлими юзасидан тергов ишлари ўта суст кечмоқда.

"Новая газета" бош муҳаррири Дмитрий Муратовнинг Интерфакс агентлигига айтишича, " қотилликда гумон қилинган шахс қўлга олинган, ташкилотчиларидан бири сифатида эса Ички ишлар вазирлигида собиқ тезкор қидирув бўлими раҳбари бўлиб ишлаган Дмитрий Павлюченков кўрилмоқда, " деб айтган.

Унинг айтишича, бу ҳам газета ва ҳам Тергов Қўмитасининг йирик муваффақиятидир.

Image caption Амнести Интернейшнлга кўра, Россия фуқаролик жамиятини қуришни истаса ҳуқуқ фаоллари ва журналистларни ҳимоя қилиши керак

Шунга қарамай, Амнести Интернейшнлга кўра, айни жиноятнинг барча иштирокчилари ва буюртмачилари жавобгарликка тортилишига кафолат йўқ.

Журналистлар, адвокат ва фаолларга сўнгги ҳужумлар манзарасида фақатгина ҳимоячи Станислав Маркелов ва журналист Анастасия Бабурова қотиллиги бўйича тергов муваффақиятли якунланган, дейилади ҳисоботда.

Қолган воқеалар, хусусан, ҳуқуқ фаоли Наталя Эстемированинг ўғирлаб кетилиши ва ўлдирилиши, "Коммерсант" мухбири Олег Кашиннинг дўппосланиши ва "Химкинская правда" газетининг Бош муҳаррири Михаил Бекетовнинг дўппосланиши борасида очилган ишлар ниҳоя топмаган.

" Токи шарҳловчилар тан олиниб, лозим бўлган ҳимоя кафолатланмас экан Россияда фуқаролик жамияти қуриш мумкин эмас. Россиянинг бунга эҳтиёжи бор. Акс ҳолда, Россияда коррупция авж олаверади, хизмат вазифасини суистеъмол қилиш ва инсон ҳуқуқларини бузиш давом этади", деб айтди Жон Далҳейсен.

Айни вақтда Анна Политковскаянинг ўлимига беш йил тўлган куни "Новая газета" Facebook тармоғида махсус саҳифа очди.

Бундан мақсад Дмитрий Муратовга кўра, очиқчасига гапиришдан чўчиётганлар учун ўз фикрларини изҳор этишга имкон яратишдир.

Халқаро Амнистия фаоллари эса келаси йил ҳам улар журналистлар ва ҳуқуқ фаолларига қарши ҳужумларни мустақил текшириш учун ўз ҳаракатларини давом эттиришларини урғуламоқдалар.