'Аввалбошданоқ 'Ал-Қоида'га қарши кураш ва Толибонни фарқламоқ лозим эди'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Толибон бошқарувида бўлган Афғонистонга АҚШ етакчилигидаги қўшинлар ишғол бошлаганларига 10 йил тўлди.

Ўртада кўп жанг бўлгани йўқ.

Толибон жангарилари шаҳару-қишлоқларни тарк этдилар, дашту-далалар ва тоғларда ёки мамлакат чегараларидан ташқарида кўздан ғойиб бўлдилар.

Ғарб мамлакатлари етакчилигидаги қўшинлар Афғонистонни қўлга киритдилар ва мамлакат ҳаёти учун зарур институтларни барпо этишга киришдилар.

Мана ўн йил ўтибдики, Толибон яна қайтган, АҚШ ва унинг иттифоқчилари мамлакатни тарк этишни режалаб турган пайтда Толибон оёққа туриб олмаган ҳукуматга қарши чиқмоқда.

Буларнинг барини ва бундан ҳам кўп нарсаларни ўз кўзи билан кўрган инсонлардан бири британиялик журналист Жонатан Стил.

Жонатан Стил Афғонистондаги ҳодисаларни 30 йилдан буён ёритиб келади ва у яқинда нашр этган янги китобини "Афғонистон арвоҳлари" деб номлаган.

Бу китобида Жонатан Стил Афғонистон тарихига назар ташлашга ва бугунги воқеликдаги кўпчилик назарида тўғри ҳисобланган қарашларни рад этишга ҳаракат қилади.

У Афғонистон борасидаги қарашларини Би-би-си ўртоқлашди

Жонатан Стил: Менинг назаримда, Афғонистонга келадиган ҳар қандай янги хорижий гуруҳ ўзидан аввалгиларнинг хатоларини такрорлайди. Бу хатоларни унутади. Ўша хатолардан сабоқ чиқаришга эринади. Масалан, Ал Қоида ва Толибонни олинг... сунъий бир равишда бу икки гуруҳни бир-бирига уйғун кўришди. Мен бир икки нарсани урғулаб ўтмоқчиман, биз биламизки, Усама Бин Лодин илк бор Афғонистонга мужоҳидлар Шўролар истилочиларига қарши курашаётган пайтида борган. У вақтлар Толибоннинг номи ҳам чиқмаганди. Кейин у Суданга кетди. Афғонистонни тарк этди. Афғонистонга яна қайтганида эса Бурҳониддин Раббоний ҳукумати амалда эди. Усамани улар таклиф этди. Ҳукуматнинг учоғида уни ва унинг араб жангарилари, хотинлари ва бошқаларни 1996 йилнинг май ойи Жалолободга келтиришди. Шунинг учун ҳам Толиблар ва "Ал-Қоида"ни автоматик бир тарзда бирини бирига уйғунлаштириб қараш хатодир. Бугун ҳам уруш "Ал-Қоида"га қарши бўлиши керак эди, аммо Афғон заминида Афғонистонда кечмоқда бу уруш... Бугун биз Усама Бин Лодиннинг ўлганини биламиз, бошқа томондан уни Покистонда топишди, Афғонистонда эмас. "Ал-Қоида" Афғонистондан чиқиб кетган, улар ё Яманда, ё Сомалида... ё Шимолий Африкадаги бирор бурчакда... Бу иккита уруш дегани, бири "Ал-Қоида"га қарши ва иккинчиси Афғонистондаги уруш, уларни икковига алоҳида-алоҳида қараш керак.

Савол: Нима учун матбуот сизнинг назарингизда бу фарқларни кўрмади?

Жонатан Стил: Мен матбуотни айбламайман. Мен сиёсатчиларни айблайман. Назаримда, бу фарқларни кўра билган журналистлар бор... Ҳар қалай улар ҳукумат мулозимларию-дипломатлардан кўра яхшироқ билишган вазиятни ва бу фарқларни. Аммо, табиийки ҳеч ким журналистлардан бу фарқлар ҳақида сўраб ўтиришгани йўқ. Менимча, Афғонистонга бундан ўн йил аввал бостириб киришнинг ўзи хато бўлган. Албатта, мужоҳидлар қудратдан кетишганидан кейин ҳам Усама Бин Лодин ва "Ал-Қоида" Афғонистонни тарк этмади. Толибларнинг меҳмони эди Усама... 11 сентябр воқеалари рўй бергани билан Усама Бин Лодин Афғонистонни тарк этган. Мен Мулла Муҳаммад Умар Америкага ҳужумлар ҳақида аввалдан огоҳ бўлган деб ўйламайман. Бу жуда махфий бир амалиёт бўлган. 11 сентябр воқеалари рўй бериши билан Усама Тора Борадаги тоғлар бағрида ғойиб бўлди. Биз буни биламиз. Президент Буш Толибларга Усама Бин Лодинни бизга беринг, деб талаб қилар экан, бу имконсиз бир нарса эди. Агар Толиблар буни исташганида ҳам бунинг уддасидан чиқа билмасдилар. Шунча қудрати, тунги кўриш ускуналари, сунъий йўлдош, учувчисиз учоқлари билан Америка Усамани топа олмаса, энг жўн қуролларга эга Толиблар уни қанақа қилиб топишлари мумкин эди?

Савол: Сиз ўз асарингизда Толиблар Афғонистондаги энг зулмкор бир куч экани, айниқса аёлларга нисбатан зулм қилишлари ҳақидаги қарашларни ҳам шубҳа остига олгансиз, нима учун? Қандай асосларингиз бор?

Жонатан Стил: Биласизми, Толиблар ҳукумати Афғонистон тарихидаги энг ёмон бир ҳукумат, бундан ёмонроғи бўлмаган деган қараш шаклланди. Албатта, улар ҳам жуда ёмон амалларга қўл уришган. Аёллар ҳуқуқларини поймол қилиш булардан бири, бу ҳам рост, аммо аёлларга зулмни Толиблар бошлаб бергани йўқ. Аёлларга бундай муносабат Афғонистон қишлоқ анъанасининг бир қисми ва буни ҳам фақат паштунларга тоқиб қўйиш тўғри эмас. Тожиклар ҳам, ўзбеклар ва ҳазоралар ҳам шундай муносабат қилиб келишган аёлларга нисбатан. Хотин-қизлар ўз уйи ва оиласидан ташқарига чиқарилмайди. Қизларни болалиги пайтида турмушга бериш ҳоллари ҳам Толибларгагина хос эмас. Мана бугунги кунда, БМТ ташкилотларидан бирининг тадқиқотларига кўра, 57 фоиз оила қуриш - қиз болаларнинг балоғатга етмасидан рўй бермоқда. Бу бугунги куннинг ҳақиқатидир. Бошқа томондан 1992 йил қудратга келган мужоҳидлар аллақачон бу ўтмишга томон ўтишни бошлашган эди. Улар аёлларни ҳижобга киришини тарғиб қилиб мажбурлай бошлагандилар. Мен 1981 йил Афғонистонга борганимда университет ва ташкилотларда хотин-қизлар ҳеч қандай рўмолларсиз ишлашаётгани, яшашаётганига гувоҳ бўлганман. Мужоҳидлар келиши билан кинотеатрлар тақиқланди. Телевидениедаги аёл бошловчилар ишдан олинди. Албатта, улар бурқа кий деб мажбурламадилар, қизлар мактабларини ёпишмади, аёлларни калтаклашмади... Аммо Толиблар давридаги ижобий томонларга қарайдиган бўлсак, бу даврда хавфсизлик таъминланди. Рост, бугун афғон аёллари ишга боришади, аммо йўл-йўлакай бомбага учрашадими-йўқми, билишмайди... Улар ўз фарзандлари мактабдан омон-эсон қайтишадими, йўқми буни ҳам билишмайди.

Савол: Сизнинг назарингизда Америка истилоси ва мероси бу гал қандай бўлади?

Жонатан Стил: Менимча, алал-оқибат Америка Афғонистонни ташлаб чиқишга мажбур бўлади. Истилонинг ўзи эса муваффақият эмас, балки мағлубият деб тан олинади. Чунки улар яна бир бор мамлакатни беқарор қилишди. Афғонистонни тиклашни ваъда қилиб, тиклашмади... Афғонлар ҳалок бўлди. Албатта айрим қурилишлар бўлди. Мактаблар, янги йўллар... аммо бу америкаликларга эмас, оддий афғонларга қимматга тушди. Бундан эллик йил ўтиб, тарихда бу истилога яна бир мағлуб бўлган хориж истилоси сифатида қаралади деган фикрдаман.