Сурияда Курд мухолифат раҳбарининг дафн маросими қатнашчилари ўлдирилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Суриядаги фаолларнинг айтишиларича, бир кун олдин ўлдирилган Курд мухолифат раҳбарининг дафн маросими қатнашчиларини Сурия хавфсизлик кучлари ҳужумга тутганлар, оқибатда бир неча киши ҳалок бўлган.

Жума куни Мишал Тамо Қамишли шаҳридаги уйида ўлдириб кетилган, Сурия ҳукуматини унга суиқасд уюштиришда айблаган дафн маросими иштирокчиларига қарата ўт очилган.

Хабарларга кўра, дафн маросимида 50 мингча одам қатнашган.

Мухолифат фаолларига кўра, норозилик намойишига айланиб кетган маърака қатнашчиларига қарата хавфсизлик кучлари ўт очгани оқибатида камида бир инсон ҳалок бўлган, бир неча одам жароҳатланган.

Норозилик намойишида Сурия Президенти Башар ал-Асаднинг истеъфоси талаб қилинган, янги ташкил этилган Сурия Миллий Кенгашини қўллаб-қувватлашга чақириқлар янграган.

Мишал Тамо мамлакат ташқарисида ташкил этилган Сурия Миллий Кенгаши аъзоси бўлган.

У либерал Курдлар Келажаги партиясининг асосчиси бўлган, бу партия Курдлар Суриянинг таркибий қисми, деган ғояни илгари сурган.

Уч ярим йиллик қамоқдан сўнг яқинда озодликка чиқарилган эди.

Жума куни Мишал Тамо уйига юзига ниқоб таққан тўрт киши бостириб кирган ва фаолни отиб ўлдирганлар.

Тамо уйига ҳужум пайтида унинг ўғли ва Курдлар Келажаги партияси фаолларидан бири яраланган.

Мишал Тамо ўлими хориждаги сурияликлар орасида ғазабнок кутиб олинган.

Австрия пойтахти Венада Асад режими мухолифлари Сурия элчихонасига бостириб кирганлар, Австрия полицияси 10 дан ортиқ кишини ҳибсга олган.

Ливия пойтахти Байрутда ҳам Сурия элчихонаси қаршисида норозилик намойиши ўтказилган.

АҚШ расмийлари Мишал Тамо ўлимини қоралаганлар, Давлат департаменти сўзчисига кўра, бу Башар ал-Асад "режими тактикаси қаттиқлашаётгани"нинг далолатидир.

Оврўпо Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича олий комиссари Кетрин Эштон "энг кескин сўзлар" билан Тамо ўлимини қоралашини айтган.

Хабарларга кўра, Сурия бўйлаб Жума ибодатларидан кейинги норозилик чиқишларида 16 инсон ҳалок бўлган.