Икки Судан орасидаги келишмовчиликларни бартараф этувчи қўмиталар ташкил этишга келишилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Жанубий Судан Президенти Салва Киирнинг Судан пойтахти Хартумга икки кунлик илк расмий ташрифи ниҳоясига етган.

Судан Президенти Умар ал-Башир ва Жанубий Судан Президенти Салва Киир айтишларича, ўзаро музокараларда "урушга қайтмасликка" келишиб олганлар.

Жами бир миллион беш юз минг инсон ўлимига олиб келган йигирма йиллик фуқаролар уруши ортидан шу йил июл ойида Жанубий Судан мустақил мамлакат деб эълон қилинди.

Лекин икки мамлакат ўртасида нефтдан тушадиган даромадлар, аввалдан қолган қарзлар, чегара тарангликлари ҳамда баҳсли Абуйе минтақаси билан боғлиқ қатор ҳал этилмаган масалалар қолган.

Хартумдаги музокаралар сўнггида ана шу муаммоларни ҳал этиш мақсадидаги қўмиталарни тузишга келишилган, бу қўмиталарга ўз зиммаларидаги вазифаларни ниҳоясига етказишлари учун якуний муҳлат берилган.

Би-би-си мухбирининг ёзишича, Жанубий Судан президентига қатор вазирлар ҳамроҳлик қилганлар, Хартумдаги расмийлар учрашувларидаги кайфият кўтаринки бўлган.

"Бироқ икки томон Жанубий Судан мустақил бўлгунича йигирма йил урушган, шунинг учун Жанубий Судан Президенти Салва Киир тан олишича, ўртада босиб ўтилиши лозим бўлган жуда катта тўсиқлар мавжуд", дея хабар қилади Хартумдан Би-би-си мухбири Жеймс Копнал.

"Мен ва биродарим ал-Башир ортга, урушга қайтмасликка бир-биримизга ваъда бердик. Икки томонда ҳам бизларни яна урушга қайтаришга интилаётган айрим унсурлар бўлиши мумкин. Лекин бугун айтган гапимни такрорлайман, биз 2005 йилда урушни тарк этганмиз ва яна орқага қайтмаймиз", деган Жанубий Судан Президенти Салва Киир.

Икки томон музокараларида Жанубий Африка Республикасининг собиқ президенти Тхабо Мбеки раҳбарлигидаги Африка Иттифоқи ҳайъати воситачилик қилган.