Қоҳирадаги тўқнашувлардан сўнг Миср Бош вазири аҳолини осойишталикка чақирди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Зўравонликлар Президент Муборак ағдарилганидан кейинги илк парламент сайловлари арафасида юз бермоқда

Қибтий насронийлар ва хавфсизлик кучлари ўртасидаги тўқнашувларда 24 кишининг ҳалок бўлиши ортидан Миср Бош вазири Ассам Шараф аҳолини осойишталикка чақирган.

Зўравонликлар ўтган ҳафта Асван вилоятидаги черковга ҳужумга қарши Қоҳирада ўтказилган норозилик намойишидан сўнг бошланган.

Айрим мусулмонлар қибтийларнинг ҳарбийлар бошқарувига қарши норозилигига қўшилишган, бошқалари эса ҳукуматнинг барқарорликни сақлаш чақириқларига жавоб берганлар.

Душанба куни Вазирлар маҳкамасининг фавқулодда йиғилиши чақирилган.

Тунги комендантлик соати маҳаллий вақт билан эрталаб 7 да бекор қилинган.

Қоҳиранинг тўқнашувлар юз берган ҳудудини бориб кўрган Бош вазир Ассам Шараф намойишчиларнинг ҳарбийларнинг ҳокимиятини тугатиш ҳақидаги чақириқларига ҳам жавоб берган.

"Мамлакат хавфсизлигига энг жиддий таҳдид миллий бирдамлик билан ўйнашиш ва Мисрнинг мусулмон ва насроний ўғлонлари орасида низо чиқаришдир", - деб айтган жаноб Шараф якшанба куни тунда телевидение орқали қилган чиқишида.

Унга кўра, бу каби зўравонликлар "фуқаролар ва армия ўртасидаги муносабатларни хавфи остига қўймоқда".

Якшанба кунги тўқнашувлар шу йил февралида Ҳусни Муборак ҳокимиятдан ағдарилганидан буён юз берган энг ҳалокатли зўравонликлар бўлган.

Миср телевидениеси намойишчиларнинг хавфсизлик кучлари билан тўқнашаётгани, норозилик ўтириши режаланган давлат телевидениеси биноси ташқарисида полиция машиналарининг ёнаётгани акс этган лавҳаларни намойиш этган.

Яраланганларнинг кўпчилиги олиб келинган қибтийлар шифохонаси ташқарисида ҳам машиналарнинг ёқиб юборилгани ҳақида хабарлар олинган.

Сўнгги ойларда Мисрда мазҳаблараро тангликлар кучайган.

Миср аҳолисининг 10 фоизини ташкил этувчи қибтийлар иқтидордаги ҳарбий кенгашни насронийларга қарши ҳужумларни уюштирганларга нисбатан юмшоқ муомалада бўлишда айблашган.

Тошбўрон

Қоҳира шимолидаги Шубра мавзейидан давлат телевидениесига томон бошланган дастлабки норозилик юришида минглаб, асосан насронийлар, аммо шу билан бирга насроний бўлмаганлар ҳам қўшилишган.

Намойишчилар ҳарбий кенгашдан Асван вилояти ҳокимини лавозимдан четлатишни талаб қилишган.

Улар шунингдек, давлат телевидениесини аксилнасроний тарғиботларини авж олдиришда ҳам айблаганлар.

Аммо намойишчилар хавфсизлик кучлари билан тўқнашишдан олдин фуқаро кийимидаги шахсларнинг ҳужумига учраганликларини айтишмоқда.

Зўравонликлар телевидение биноси ташқарисида бошланиб, тезда Президент Муборакнинг истеъфосига олиб келган намойишлар маркази бўлган Таҳрир Ҳиёбонига ёйилган.

Кўчадаги зўравонликларга минглаб кишиларнинг қўшилгани, ҳар икки томонга ҳужумлар бўлгани айтилади.

Тартибсизлик қатнашчилари йўлакларни қўпориб олишган ва тошларни отганлар.

Мухбирларга кўра, кўпгина мусулмонлар насронийларни хавфсизлик кучларидан ҳимоя қилиш ва ҳарбийлар ҳокимиятига қарши норозилик изҳор қилиш учун учун етиб келганлар.

Намойишчилардан баъзилари ҳарбий кенгаш, хусусан унинг раиси, фелдмаршал Муҳаммад Тантовийнинг истеъфосини талаб қилишган.

Айрим намойишчилар отишма овозларини эшитганликлари ва ҳарбий машина камида беш кишини уриб кетганини айтишган.

Шоҳидлардан бирининг айтишича, хавфсизлик кучлари оломонга қарата резина ўқлар отган ва кўздан ёш сиздирувчи газ пуркаган.

Қоҳирадаги Ramses Hilton меҳмонхонаси ёнида бўлган Нозли Ҳусайн Би-би-сига шу йил бошидаги намойишлар чоғида зўравонликлар авжига чиққан 28 январ-2 феврал кунларидан буён буён пойтахт кўчаларида бунча кўп ўликни кўрмаганини айтган.

Яна бир шоҳид, Сандра исмли насроний эса Масперо Ҳиёбонидаги зўравонликларни уйидан туриб кузатган.

"Ҳамма нарса уйимизнинг шундоққина тагида юз берди", деб айтган у Би-би-сига. "Ҳаммаси кўз очиб юмгунча содир бўлди. Армия танклар билан бостириб келди ва тўғри оломоннинг устига қараб юрди. Жасадлар ҳамма ерда сочилиб ётарди. Одамлар жон ҳолатда бақиришар ва чопишарди", - дейди у.

Расмийлар ҳозирга қадар танкларнинг оломон устига бостиргани ҳақидаги гувоҳликлар юзасидан шарҳ беришмаган.

Миср Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, 24 киши ҳалок бўлган, 212 одам яраланган.

Вазирлик воизи Ҳишам Шиҳанинг Би-би-сига айтишича, яраланганларнинг камида 86 нафари хавфсизлик кучлари ходимларидир.

Камситиш хавотирлари

Қоҳирадаги Би-би-си мухбирига кўра, охирги бир неча ойда Мисрдаги сиёсий ва хавфсизлик бўшлиғида мазҳаблараро тангликлар кучайган.

Насронийлар анъанадор исломчилар таъсирининг кучайиб бораётганидан хавотирда.

Май ойида қибтий черковларига ҳужумда 12 киши ҳалок бўлган, март ойида Таҳрир Ҳиёбонида мусулмонлар ва қибтийлар ўртасида юз берган тўқнашувда эса 13 киши ҳаётдан кўз юмган.

Сўнгги зўравонликлар 28 ноябрга белгиланган парламент сайловлари арафасида юз бермоқда.

Мисрнинг энг йирик миллий озчилиги бўлган қибтийлар ўзларига нисбатан камситишлардан шикоят этишади.

Жумладан, черков қурилиши учун президентнинг рухсатини талаб қилувчи қонун.

Миср фақат насронийларнинг Исломни қабул қилишини тан олади, холос.

Бунинг акси эса қонун тарафидан эътироф этилмайди.