Россия Бош вазири Владимир Путин Хитойга сафарини бошлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Россия Бош вазири Владимир Путин 2012 йил Кремлга қайтиш ниятини эълон қилганидан буён илк бор хорижга сафар қилмоқда.

Жаноб Путин икки кунлик ташриф билан Хитойга келган. Сафар давомида Россия-Хитой сармоя жамғармаси тузишга оид ҳужжатни имзолаш, иккитомонлама иқтисодий алоқалар ҳамда эҳтимолки, Суриядаги вазиятни муҳокама қилиш режаланган.

Асосий масала - энергетика таъминоти, Хитойга етказиладиган Россия гази баҳоси бўлиши айтилади. Аммо, таҳлилчилар айни масалага бу гал тўла ечим бўлмаслигини тахмин қиладилар.

Москва келаси 30 йил ичида Хитойни 70 миллиард куб метр газ билан таъминлашга тайёр. Бироқ, икки томон ҳали баҳолар бўйича келиша олганлари йўқ.

Бош вазирга ўринбосарлар - Игор Сечин ва Александр Жуковлар, Қишлоқ хўжалиги вазири Елена Скрынник, Алоқа вазири Игор Щеголев, Табиий заҳиралар вазири Юрий Трутнев, "Газпром", "Транснефти" ҳамда бошқа ширкатлар вакиллари ҳамроҳлик қилишмоқда.

Иш сафари Хитой раҳбарлари ва Бош вазири Вен Жиабао билан музокаралардан бошланади ва кейин томонлар 7 миллиард долларга тенг 20 яқин келишувларни имзолайдилар. Жумладан, 4 миллиард долларлик ҳажмга эга Россия-Хитой сармоя жамғармаси тузишга оид меморандум ҳам имзоланиши кутилади.

'Ҳисоблашиш керак бўлган раҳбар' "Россияда ташқи сиёсат билан президент шуғулланади; хорижга катта сондаги ҳайъат билан президент боради ва бош вазир одатда ичкарисидаги иқтисодни бошқаради. Аммо, Хитойга олиймақом ташриф билан ким бормоқда? Бош вазир Владимир Путин", дейди Би-би-си мухбири Стив Розенберг.

Мухбиримизга кўра, бу бир неча ой ичида Путин жаноблари яна Президент бўлиши аломатидир.

Владимир Путин аллақачон мазкур лавозимга қайтиш ниятини эълон қилган ва кўзга яққол ташланадиган рақибларсиз унинг Кремлга қайтиши йўлида тўсиқлар деярли йўқ дейиш мумкин.

"Жаноб Путиннинг Пекинга сафари эса, дунё ҳисоблашиши керак бўлган раҳбар у экани борасидаги муждани йўллайди", дейди Стив Розенберг.