Бирмада амнистияга мувофиқ сиёсий маҳбуслар ҳам озод этилмоқдалар

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Бирмада амнистия қилинганлар орасида 2007 йилги кўча юришларига раҳнамолик қилган руҳонийлар ҳам борлиги хабар берилган.

Бирма расмийлари эълон қилган амнистияга мувофиқ сиёсиё маҳбуслар дохил ўнлаб кишилар озодликка чиқарилди.

Улар орасида 2007 йилги оммавий кўча юришларига раҳнамолик қилган руҳоний Шин Гамбриа ҳам борлиги айтилган.

Таниқли ҳажвчи Зарганар ҳам озодликка чиққан.

Зарганар 2008 йили 140 минг кишининг ўлимига сабаб бўлган табиий офатга нисбатан расмийлар амалларини танқид остига олганидан сўнг ҳибсга олинганди.

Озодликка чиқарилганидан сўнг Би-би-си билан суҳбатда Зарганар уни шартли равишда қўйиб юборишгани ва агарда бирон "ножўя" иш қилса яна қайта қамоқхонага юборишларини айтди.

У шунингдек, яна кўплаб сиёсий маҳбус "дўстлари" қамоқхонада қолаётгани ва уларни ҳам озод қилиш кераклигини билдирди.

Бирма ҳукумати сешанба куни эълон қилган амнистияга мувофиқ 6 минг маҳбус озодликка чиқарилади. Лекин ҳукумат уларнинг ичида неча нафари сиёсий маҳбуслар бўлишини маълум қилмаган.

Таиландда жойлашган Сиёсий Маҳбусларни Қўллаш ташкилотининг билдиришича, ҳозирга қадар 70га яқин сиёсий маҳбус қўйиб юборилган. Лекин келгуси кунларда янада кўпроқ маҳкумлар озодликка чиқарилишини кутиш мумкин.

Reuters хабар агентлиги эса 20 га яқин сиёсий маҳбус чиқарилганлигини тахмин қилган.

Ғарб Бирмага нисбатан жазо чорларини киритган бўлиб, бунга сабаблрадан бири ҳам мамлакатда сиёсий маҳбусларнинг мавжудлигидир.

Уларнинг сони Бирмада журналистлар, сиёсий фаоллар, ҳукумат танқидчилари ва руҳонийлар дохил 2 мингга яқин, дея ишонилади.

Бирма расмийлари 15 мингга яқин маҳбус учун амнистияни 2011 йил май ойида эълон қилгандилар.

Бундан аввал 2009 йилда 9 мингга яқин маҳбус озодликка чиқарилганди. Лекин улар орасида сиёсий маҳбуслар йўқ эди.

Бирмада охирги 20 йил мобайнида биринчи сайловлар икки йил аввал ўтказилди.

Сайловлар натижасида ҳарбий ҳукумат ўрнига ҳарбийлар томонидан қўлланган фуқаровий ҳукумат қудратга келди.

Шундан сўнг мухолифат раҳбари Аун Сан Су Чи уй қамоғидан озод этилди ва у билан мулоқот йўлга қўйилди.

Мухолифат сўзчисининг Би-би-сига айтишича, сиёсий маҳбусларни озод этиш ҳукуматнинг демократик ислоҳотлар борасида жиддий эканлигини кўрсатувчи биргина қадамдир.

"Матбуот эркинлиги ва цензурани бекор қилиш каби ҳали кўплаб ислоҳотлар амалга оширилиши керак", деди мухолифат вакили.