Халқаро Амнистия Канададан Жорж Бушни ҳибсга олишини сўради

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Amnesty International халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя этиш ташкилоти канадалик масъуллардан АҚШ собиқ Президенти Жорж Бушни ҳибсга олиш ва жиноий жавобгарликка тортишни сўрамоқда.

Халқаро ташкилотга кўра, Америка собиқ раҳбари ўз бошқаруви даврида амалга оширилган қийноқ ҳоллари учун жавоб бериши лозим.

Халқаро Амнистия бу каби даъват билан жаноб Бушнинг 20 октябр куни Канадага режалаган сафари арафасида чиққан.

"Ўз зиммасига олган масъулиятлари Канадани қийноқлар ва халқаро ҳуқуқ меъёрлари бўйича жавобгарлик кўзда тутилган бошқа жиноятлардаги иштироки учун АҚШ собиқ Президенти Жорж Бушни қўлга олиб, уни жиноий жавобгарликка тортишини тақозо этади", дейди ташкилотнинг Шимолий ва Жанубий Америка бўйича дастури раҳбари Сюзан Ли.

Ли хонимга кўра, америкалик масъуллар шу пайтгача собиқ президентни маҳкамага тортишмагани учун ҳам ҳозир бу ишда халқаро ҳамжамиятнинг аралашуви лозимдир.

"Агар Жорж Бушнинг ташрифи давомида Канада бундай қилмайдиган бўлса, Бирлашган Миллатларнинг Қийноқларга қарши Конвенциясини бузган ва асосий инсоний ҳуқуқларни писанд қилмаган бўлади", дейди у.

Халқаро ташкилот шу йилнинг 21 сентябр куни канадалик масъулларга бу хусусда лозим ҳужжатларни ҳам тақдим этган.

У ерда собиқ президентнинг қатор инсон ҳуқуқларини бузиш ҳолларига жавобгар экани ҳақида сўз боради.

Ҳужжатдаги маълумотлар 2002 ва 2009 йиллар оралиғида Америка Жосуслик Хизматининг махфий ҳибсга олишлар дастури доирасида йўл қўйилган қонунбузарликларни қамраб олади.

Уларнинг орасида қийноқлар ва инсонларнинг қадр-қимматларини ерга урувчи бошқа шафқатсиз, ноинсоний муносабатлар, одамларнинг изсиз йўқолишлари ҳоллари ҳам бор.

Халқаро ташкилотга кўра, ўша пайтда Жорж Бушнинг рухсати билан маҳбуслар сувга бўктирилишган ва уларни тергов қилиш жараёнида бошқа турли-туман усуллардан фойдаланилган.

Жумладан, маҳбуслар соатлаб ўзлари учун оғриқли алфозда туришга мажбур қилинганлар ва ухлашларига ҳам изн берилмаган.

Америка Жосуслик Хизмати Бош назоратчиси келтирган маълумотларга қаралса, 2001 йил 11 сентябр ҳужумларининг ташкилотчиси сифатида кўрилган Холид Шайх Муҳаммад беш йил ҳибсдалиги чоғида камида 266 марта сувга бўктирилган.

Халқаро Амнести томонидан тақдим этилган ҳужжатда, шунингдек, Американинг Куба, Афғонистон ва Ироқдаги ҳарбий қамоқхоналарида амалга оширилган қийноқ ва бошқа жиноятлар ҳақида ҳам сўз боради.

Халқаро ташкилотга кўра, Канада халқаро ҳуқуқ тизимини мустаҳкамлаш йўлида пешқадам давлатлардан бири ва қилган ҳуқуқбузарлиги учун ҳеч ким ва ҳеч қайси давлат халқаро қонунлардан устун туролмаслигини амалда исботлашининг пайти келди.

АҚШ собиқ президенти Суррей шаҳрида бўлиб ўтажак иқтисодий саммитда иштирок этиш учун 20 октябр куни Канадага келиши керак.

Шу йилнинг феврал ойида худди шундай талаблар остида Жорж Буш Швейцарияга режалаган сафарини бекор қилишга мажбур бўлганди.