Дунё янгиликлари қисқа сатрларда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

*Япония пойтахт Токиода радиация аломатлари топилиши ортидан текширув ишлари бошланган. Расмийлар қарийб ишонч билан буни Фукушима ядро станциясидаги инқирозига боғлиқ эмаслигини айтишмоқда. Радиация манбаи Токиода жойлашган турар-жойлардан бири ертўласидаги ёғоч қути ичида қолган эски идишлар бўлиб чиқмоқда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP Getty Images

*Олмониядаги иқтисодчилар евроҳудудидаги қарз инқирози иқтисодий ўсишни келаси бир неча ой ичида кескин сустлашишига сабаб бўлишини башорат қилишган. Уларга кўра, келаси йил иқтисодий ўсиш 0,8 фоизгинани ташкил қилиши мумкин. Олти ой муқаддам улар иқтисодий ўсиш 2% бўлишини тахмин қилишганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

*Австралия ҳукумати Малайзия каби мамлакатлар билан бошпана сўровчиларни алмашиш режасидан воз кечган. Режага биноан Австралия 4 йил мобайнида 800 бошпана сўровчини Малайзияга жўнатиши ва эвазига 4, 000 қочқинни қабул қилиб олиши лозим бўлган. Аммо, бу катта баҳсу мунозараларга сабаб бўлган ва етарлича сиёсий дастак ололмаган. Мухолифат муҳожирлик борасидаги қонунга ўзгаришларни қўллаб-қувватламаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи 1

*Покистон расмийларига кўра, Американинг учувчисиз учоқлари отган ракета "Ҳаққоний" тармоғи қўмондонларидан бирини ҳалок қилган. Расмийларнинг айтишларича, учувчисиз учоқлар ҳужумида жами 6 жангари ўлдирилган. Ҳужумда Афғонистон билан чегара яқинидаги Шимолий Вазиристон минтақасида жойлашган Мироншоҳ шаҳарчасидаги иншоот нишонга олинган. Шимолий ва Жанубий Вазиристон мунтазам равишда дрон ҳужумларига тутилади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

*Афғонистонда АҚШ ҳарбий вертолёти ҳалокатига оид расмий баёнотда Толибон уни қапқонга туширгани борасидаги даъволар рад этилади. Ўтган августда юз берган ҳалокат қирққа яқин инсоннинг умрига зомин бўлганди. Ҳисоботга кўра, жангарилар Танги водийсидаги амалиёт бошланганидан сўнг хабар топганлар. Ўшанда Чинук русумли вертолёт елкага қўйиб отиладиган ракета воситада уриб туширилган. Бу Толибонга қарши уруш бошланганидан бери бир ҳодисада шу қадар катта сондаги АҚШ кучларининг бой берилиши бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

*Хитойлик диссидент рассом Ai Weiwei санъат оламидаги энг қудратли санъаткор инсон дея топилган. Би-би-сига гапирган Ai Weiwei ўзини қудратли эмас, ожиз ҳис қилаётгани, бироқ ҳар қандай санъаткорга сўз эркинлигини ҳимоя қилиш маъсулияти юклатилганини айтган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

*Ҳимолай тоғлари шарқида жойлашган Бутан давлатида 31 ёшли қирол Жигме Кхесар Намгьял Вангчук уйланган. Тўй буддойилар русумларига мувофиқ ўтган. Русумга биноан қирол тахтидан тушиб 21 ёшли Жетсун Деманинг бошига ипак тож кийгизган. Шундан сўнг, қирол рафиқасини янги қиролича сифатида етаклаб тахтиравонга олиб келган. Ўзи талаба бўлган Жетсун Дема оддий оиланинг фарзанди экани айтилади.