Сурия ғалаёни:БМТ қурбонлар сонини 3000га етди демоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Башар ал-Ассадга қарши норозилик етти ой аввал бошланган эди

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Сурияда Президент Башар ал- Ассадга қарши етти ойдан бери давом этаётган норозилик чиқишларида 3000 киши қурбон бўлганини айтган.

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Нави Пиллайга кўра, қурбонлари орасида камида 187 нафар болалар бор. Ўтган ўн кун ичида қурбонлар сони 100 нафар бўлган.

БМТга кўра, юзлаб сурияликлар ҳибсга олинган.

Пиллай хоним Суриянинг " шафқатсиз тазйиқлари фуқаролар урушига сабаб бўлиши"дан хавотир изҳор этган.

Дамашқдаги ҳукумат эса "террорчи гуруҳларни" айблаб, хавфсизлик кучларидан 1100 ортиқ қурбон берилганини айтади.

Нави Пиллайнинг айтишича, " халқаро ҳамжамиятнинг барча аъзолари гарданида биргалашиб ҳимоя ҳаракатини бошлаш маъсулияти бор".

БМТ сўзчиси Руперт Колвил юзлаб сурияликларнинг ҳибсга олингани ва қийноққа солинаётгани ва ё ғойиб бўлганини урғулаган.

Унинг айтишича, мухолифатни қўллаб қувватлаётганларнинг оила аъзолари ҳам Сурияда ва ҳам хорижда нишонга олинмоқда.

Оврўпо иттифоқида лойиҳаланган БМТ қарори агар Сурия ҳукумати тазйиқларни тўхтатмаса "чоралар" кўрилиши билан таҳдид қилади, аммо айни резолюция лойиҳасига Хитой ва Россия вето қўйди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption "...шафқатсиз тазйиқлар фуқаролари урушига сабаб бўлиши мумкин". БМТ мулозими Нави Пиллай

Шунда ҳам Москва ва Пекин яқинда Дамашқни зудлик билан ваъда қилинган ислоҳотларни ўтказишга даъват қилган.

Мухбирларга кўра, бу ҳам Москва ва ҳам Пекин Дамашқ ҳукуматидан тоқати тоқ бўлганига ишорадир.

Колвил жанобларига кўра, дипломатик ҳаракатлар " ҳеч қандай натижа бераётгани йўқ ва ҳар куни инсонлар қурбон бўлишмоқда".

Унинг назарида, фақат "яхши бўлади" деб ўтириш билан иш битмайди.

Сурия Инсон Ҳуқуқлари Кузатиш ташкилотининг хабарига кўра, Пайшанба куни камида 36 киши қурбон бўлган, улардан 25 нафари аскарлардир.

Шимолий-ғарбий Банаш шаҳрида зўравонлик авжига чиққани айтилади.

Айни хабарда айтилишича, Дараа ва Ҳомсда ҳам қурбонлар бор.

Дамашқ ташқарисида айрим тўполонлар кузатилган бўлса ҳам, шаҳарда нисбатан барқарорлик ҳукмрон.

Чоршанба куни минглаб сурияликлар Президент Башар ал- Ассадни дастаклаб намойишга чиқишган эди.