Австралия парламентида икки билярд столи устидан машмаша

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Австралия парлментига тегишли икки билярд столининг қандай қилиб сотиб юборилганини тагига етолмаяптилар.

Австралия парламентида сотувга қўйилган икки билярд столи борасида жанжал келиб чиқди.

Парламент аъзолари учун танаффуслар вақтида ўйнаб туриш учун мўлжалланган икки билярд столи тегишли рухсатсиз 6 минг долларга сотиб юборилган экан.

Бу икки стол пойтахт Канберрадаги парламент биносининг қаҳвахонасига қўйилган эди.

Ўтган йилнинг июл ойида эса Интернет орқали ким ошди савдосида 6000 минг долларга сотиб юборилибди.

"Парламентга тегишли" столлар "тегишли" рухсатсиз сотиб юборилгани маълум бўлганидан сўнг бунинг юзасидан текширув ўтказишга буйруқ берилди.

Дастлабки текширув аниқ бир хулосага келмаганидан сўнг, яна бир текширувга буйруқ берилди, ундан кейин яна бошқасига.

Шундай қилиб, икки билярд столининг сотилиши борасида беш нафар текширувчи солиқ тўловчиларнинг 102 минг доллар маблағи эвазига бир йилдан кўпроқ "тер тўкиб ишлашибди".

Бу текширув учун масуъл бўлган бўлим расмийлари ҳозирда шарманда бўлиб, Сенат томонидан қаттиқ савол остига олинганлар.

Сенат аъзоларидан бири бу жараённи "масҳарабозлик", деб атади.

Столларнинг савдога қўйилишини "обдон" текширган гуруҳ аъзолари эса столларни қаҳвахонада ушлаб туриш, тозалаш ва сақлаш учун қанча маблағ сарфлангани ҳақидаги оддий саволларга ҳам жавоб бера олишмабди.