Британиядаги мадрасаларда болаларни таҳқирлаш ҳолатлари мавжуд

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Британиядаги мадрасаларда болаларни таҳқирлаш ҳоллари аниқланган.

Би-би-си томонидан ўтказилган журналистик тадқиқотлар натижаларига кўра, Британиядаги мадрасаларда охирги 3 йил мобайнида 400 га яқин болани таҳқирлаш ҳолати юз берганлиги маълум бўлган.

Британия бўйлаб кунига 250 мингга яқин бола Қуръони Каримдан сабоқ олиш учун мадрасага қатнар экан.

Болаларни таҳқирлаш ҳолатлари маълум бўлганидан сўнг Масжидлар ва Имомлар Маслаҳат Кенгаши раиси бу даъволарни жиддий қабул қилиб, ўрганиб чиқишни ваъда берди.

Би-би-си радиоканалларидан бири 200дан ортиқ маҳаллий маъмуриятдан болаларни мадрасаларда таҳқирлаш борасида сўраган вақти 191тасидан жавоб келган.

Улар 421 маротаба болаларни таҳқирлаш ҳақида шикоят келиб тушганлигини маълум қилганлар. Лекин бу шикоятлардан фақатгина 10 таси маҳкамага оширилган ва икки атиги маротаба айбдор, дея ҳукм чиқарилган.

Улардан бирида Сток он Трент шаҳридаги имом Муҳаммад Ҳаниф Хон 12 ёшли болани зўрлагани ва 15 ёшли болага жинсий тегажоқлик қилгани учун шу йил март ойида 16 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Лондоннинг Ламбет мавзесидаги мадрасада эса икки ходим болаларни қалам ва телефон сими билан жазолашган. Дастлаб бу борада шикоят қилган болалар кейинчалик, ишни маҳкамага олиб чиқиш истаклари йўқлигини билдиришган.

Мадрасаларда болаларнинг таҳқиланиши ҳақида маълумот берган маҳаллий маъмуриятлар бу ҳолатлар ўсиб бораётганини ҳам билдирганлар.

2009 йили 89 маротаба бу ҳақда хабар берилган бўлса, 2019 йили уларнинг сони 178 га етган, шу йилнинг тўққиз ойида эса, аллақачон 149 ҳолат ҳақида хабар берилган.

Британиянинг 2 ярим миллион мусулмон аҳолиснинг ярмидан кўпроғи ёши 25 дан паст бўлганлардир.

Болаларга Қуръони Каримдан сабоқ берувчи мадрасалар сони ҳам ошиб бормоқда.

Масжидлар ва Имомлар Маслаҳат Кенгаши раиси Муҳаммад Шоҳид Ризонинг айтишича, болаларни таҳқирлаш кенг ёйилган, дея ҳисобламайди, аммо қандай бўлмасин бу каби ҳолатлар мавжуд эканлигининг ўзи ташвишга солувчидир.