Россия Ички Ишлар вазирлиги: бериладиган поранинг ўртача миқдори 250 минг рубл

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Россия бизнес доираларида бериладиган поранинг ўртача миқдори 250 минг рубл экан.

Россия Ички Ишлар вазири ўринбосарига кўра, порхўрлик борасида олиб борилаётган ишларда қайд қилинган пора миқдори ҳамиша ўсиб бормоқда.

"Берилган пораларнинг ўртача миқдори 250 минг рубл атрофида. 2010 йил мобайнида содир этилган энг йирик миқдордаги бу каби жиноятларда эса пора миқдори 1 миллион 200ь минг рублдан ҳам ошади", деди вазир ўринбосари Сергей Булавин.

250 минг россия рубли тахминан 8 минг америка долларига тенгдир.

Шу йил бошларида вазирлик ошкор қилган маълумотларга биноан 2009 йил билан солиштирганда поралар миқдори икки ярим баробарга ошгани айтилганди.

"Ўртача бизнес юритиш мобайнида бериладиган пора миқдори Россияда 300 минг рубл. Бу ўта йирик контрактларни ўз ичига олмайди. Бу ўрта даражадаги ишбилармоннинг ўрта даражадаги давлат хизматчисига, асосан давлат соҳасидаги савдо-сотиқлар мобайнида берадиган пора миқдоридир", дея изоҳ берганди Transparency International ташкилотидан Елана Панфилова.