Йигирмадан ортиқ турк аксари курд исёнчилари томонидан ҳалок этилди

ПКК
Image caption Туркия ҳукумати ПККни террорчи ташкилот деб ҳисоблайди

Хабарларга кўра, Туркия жануби-шарқидаги бир неча полиция ва армия бўлинмаларида юз берган тўқнашувларда 21 турк аскари курд исёнчилари томонидан ҳалок этилган.

Ҳаккари вилоятининг ҳокими Муаммер Туркер ҳужумлар юз берганини тасдиқлади.

Бир кун муқаддам Туркия жануби-шарқида юз берган яна бир вилоят – Битлисда юз берган портлашда беш полиция зобити дохил 8 инсон ҳалок бўлганди.

Асосан этник курдлардан иборат мазкур ҳудуд яқинда курд исёнчилари зўравонликларига саҳна бўлганди.

Ўшанда Туркия исёнчиларга хайрихоҳ бўлган шахсларни ҳибсга олиш ва Ироқ шимолидаги курд бўлгаларига ҳаво ҳужумлари уюштириш билан жавоб қайтарганди.

Курдлар кўпчиликни ташкил этувчи жануби-шарқий минтақалар учун мухторият талаб қилиб келаётган исёнчилар июл ойи ўрталаридан буён ўнлаб мамлакат хавфсизлик кучлари ва камида 17 оддий фуқарони ҳалок этдилар.

1984 йилдан буён давом этаётган қонли можаро 10 минглаб инсонлар ҳаётига зомин бўлди.

Ҳукуматга босим

Душанба куни Ироқ чегарасига яқин Ҳаккари вилоятининг Чукура туманида содир этилган ҳужумда тўққиз турк аскари ўлдирилди ва яна 14 нафари ярадор этилди.

Мазкур ҳужум учун масъулиятни Курдистон Ишчилари Партияси (ПКК) ўз зиммасига олди.

Сўнгги ҳужумлар ҳам Чукура ва Юксекова туманларининг бир неча нуқталарида бир вақтнинг ўзида кузатилди.

Мухбирларга кўра, бундай ҳужумлар ПККга қарши курашда самаралироқ стратегияни ишлаб чиқиш юзасидан ҳукуматга бўлган босимларни янада кучайтиради.

Расмий Анқара бундан буён исёнчиликка қарши курашда полицияга кўпроқ ваколат беришини айтган.

Аммо танқидчиларга кўра, ПККга қарши курашда полиция армия сингари яхши қуролланмаган.