Ҳиллари Клинтон минтақага сафар қилмоқда

Image caption Клинтон хоним Толиблар билан муроса қилиш тарафдори

Америка Давлат котибининг Афғонистон, кейинроқ Марказий Осиёнинг бу мамлакатга қўшни икки давлати Тожикистон ва Ўзбекистонга сафаридан асосий мақсад Вашинтоннинг Афғонистондан қўшинларни чиқаришга доир бир саволга жам бўлади.

Америка Давлат котибининг Афғонистон, кейинроқ Марказий Осиёнинг бу мамлакатга қўшни икки давлати Тожикистон ва Ўзбекистонга сафаридан асосий мақсад Вашинтоннинг Афғонистондан қўшинларни чиқаришга доир бир саволга жам бўлади. Нима қилмоқ керак?

Покистоннинг турфа жангари гуруҳу ташкилотлар билан алоқалари ва иттифоқчи қўшинлар учун таъминот йўли деярли издан чиққани Вашингтон учун анчадан бери бош оғриқ масалага айланган.

Афғонистонда Клинтон хоним Толиблар ва Покистондан ўпкалаган Президент Карзайни Толиблар билан муроса йўлини қидиришга даъват қилмоқда.

Кобулу Вашингтон қаршисида бундан бошқа йўл қолмагани ҳам тайин.

Еру осмондан ҳарбий амалиётлар деярли иш бергани йўқ.

Клинтон хоним бундан ўн йилдан бери Вашингтон маъмурияти такрорлаб келаётган ваъдани яна бир бор қайтариши тайин.

Ваъдаки, Америка Афғонистонни ташлаб қўймайди ва узоқ муддатли алоқаларга лойиқ қолади.

Аммо Америка қўшинларининг бу мамлакатдаги кунлари саноқли экани тобора аниқлашиб бормоқда.

Афғонистонга сафар қилган АҚШ давлат Котиби Ҳиллари Клинтон Президент Карзай билан Афғонистондаги вазиятни яқиндан ўрганиш ва хавфсизлик учун масъулиятни АҚШ қўшинларидан Афғон миллий кучларига топширишни мубоҳаса этган.

Аммо музокараларда Американинг минтақадаги бошқа бир шериги - Покистонга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.... Қўшма Штатлар жангарилар ҳужумларини тўхтатишда кўпроқ ҳаракат қилиш талаби билан Исломободга босимларини кучайтирган.

"Сен бўлмасанг бошқаси?.."

Image caption Андижон қирғинидан кейин Америка ҳарбийлари Ўзбекистондан қувилган эди

Афғонистонда ҳарбий амалиётлар, қайта қуриш ва ниҳоят қўшинларни чиқариш ҳамда Афғонистон билан узоқ муддатли алоқаларни сақлаб қолиш учун эса қўшни давлатларнинг ёрдами бугун энг муҳим масалалар қаторидадир.

Собиқ Шўро давлатлари Ўзбекистон ва Тожикистон жуғрофий жиҳатдан аҳамияти Покистонникидан кам эмас.

Иккала давлат ҳам Американинг террорга қарши уруши бошланган йиллари "ёрдамчи"лик қилиб кўришган.

Ўзбекистон Андижон қирғинидан кейин Америка ҳарбий базасини ҳайдаб солган бўлса ҳам, сиёсий хотира манфаатларга боғлиқ бўлади эмасми, бугун Клинтон хоним юзлаб инсон ҳуқуқлари фаоллари ва минглаб оддий одамлар кўрмаётган "инсон ҳуқуқларида ижобий ўзгаришларни" кўрганини айтмоқда.

Ўзбекистон билан ҳам музокараларнинг асосида мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари топталанаётгани ва ё болаларнинг қулларча ишлатилаётгани эмас, балки Афғонистондаги вазият бўлади.

Қўшни Тожикистон билан ҳам Американинг олди-бердиси Афғонистон билан боғлиқ бўлишига шубҳа йўқ.

Марказий Осиёда ишонч тақчиллиги

Image caption Президентлар

Ўзбекистон ташқи сиёсатини айрим таҳлилчилар баҳор об - ҳавосига қиёслайди.

Қачон ёмғир ёғиб, қачон қуёш чиқишини айтиб бериш мушкул.

Вашингтондагилар Ўзбекистон ҳукуматининг бу мунтазам ва эҳтимол, атайдан "беқарор" сиёсати ҳақида билишмайди деб ўйлаш тўғри эмас.

Ана шу огоҳликни айрим мутахассислар Клинтон хонимнинг Тожикистонга ҳам сафар қилаётгани билан боғлашмоқда.

Икки қўшни аммо ўзаро рақобат ва баъзан душманона кайфиятда бўлган Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматларининг Америкага қиладиган арзлари ҳам, сўрайдиган ёрдамлари ҳам оз эмас.

Тожикистонлик сиёсий шарҳловчилардан бири Ўзбекистон Вашингтоннинг ҳарбий ёрдамидан умидвор деган фикрда.

Унинг айтишича, Тожикистон ҳам ёрдамга кўз тикиши билан бирга Клинтон хонимдан Роғун гидроэлектр лойиҳасини дастаклашини сўраши мумкин.

Американинг Афғонистонга боғлиқ манфаатлари манзарасида Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги бу келишмовчиликлар Клинтон хонимга муаммо бўлмайди.

Минтақа масалаларида шарҳловчи Жон Маккартига кўра, Америкаликлар Афғонистондаги қўшинлар сонини босқичма-босқич қисқартириб боришади. " Шояд Америкаликлар ҳарбий бўлинмалар ўрнини, ноҳарбий бўлинмалар билан алмаштиришса. Бу бўлинмалар Афғонистон хавфсизлик кучларини тайёргарликдан ўтказиш ва уларни қўллаб-қувватлаш билан машғул бўлишади. Шу тариқа улар ўз қўшинларини жабҳа чизиғидан ўз қўшинларини чиқариб олмоқчи. Бу Афғонистондан АҚШ қўшинларининг ё қуруқлик ваё ҳаво орқали чиқиб кетишини англатади. Йирик миқдордаги оғир қуроллар қуруқлик орқали олиб чиқилади. Уларни учоқларда олиб чиқариш учун йирик маблағ талаб этилади. Шунинг учун аксар чиқиш йўллари Покистон орқали бўлиши режаланган...аммо, америкаликлар баъзи қурол-яроқларни ва қўшинларни шимолий йўл, яъни Тожикистон ва ё Ўзбекистон орқали темир йўллар билан Оврўпога олиб чиқишлари мумкин".