Россия Президенти Дмитрий Медведев йилига қанча пул ишлайди?

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Россия Марказий Сайлов қўмитаси бошқарувдаги “Ягона Россия” партиясидан президент Дмитрий Медведев дохил Давлат думасига депутатликка номзодларнинг йиллик даромадларига оид маълумотларни ошкор қилган.

Агар қўмита маълумотларига қаралса, президент Медведев ўтган бир йил ичида 3.37 миллион рубль(109 минг доллар) ишлабди.

Россиянинг тўртта банкидаги шахсий ҳисобларида сақлаётган жамғармаси эса, тўрт миллион рублдан сал ортиқроқ экан.

Аён бўлишича, Россия президенти кўпроқ давлат банкларига ишонаркан: яъни, жаноб Медведев ўз ҳисобларига эга бўлган банклар Россия Савдо-тижорат банки, Жамғарма банки ва “Альфа-банк”лар бўлиб чиқибди.

Бундан ташқари, президент Медведев рафиқаси билан бирга Москвада умумий майдони 367.8 квадрат метрга тенг квартира, иккита гаражга ҳам эгалик қилишаркан.

Иккита гаражида Россия раҳбари қандай машиналарини сақларкан десангиз – 1962 йилда ишланган ГАЗ-21 ва 1948 йилда заводдан чиққан ГАЗ-20 русумидаги автомобилларини...

Ўтган ярим йил ичида жаноб Медведев ҳисобидаги пуллар 700 минг рублга камайган. Аммо бу маблағнинг нимага сарфлангани айтилмайди.

Маълум бўлишича, шу йил баҳорида Россия раҳбари умумий майдони 4.700 квадрат метрни ташкил этадиган ер участкасини ҳам ижарага олган.

Ўз ўрнида, қўмита келтирган маълумотлардан президент Медведевнинг қандайдир ҳиссалар ёки қимматбаҳо қоғозлари йўқлиги ҳам аён бўлган.

Бундан ташқари, бирор бир хорижий давлатда унга тегишли кўчмас мулкнинг йўқ экани ҳам айтилади.

Президентдан кўп пул ишлайдиганлар бор

Агарда рўйхатдаги қолган номзодларнинг йиллик даромадларига қаралса, президент Медведев анчайин камсуқум кўринади.

Дейлик, Россия Бош вазири биринчи муовини Игорь Шувалов ўтган йил президентдан кўра қарийб беш баробар (14.652 миллион рубль) кўпроқ даромад қилибди.

Мамлакат Табиий захиралар ва экология вазири Юрий Трутневни-ку, энди қўяверинг, бир йилда топган пули 100 миллион рублда ҳам ортиб кетибди.

Ҳатто, Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ҳам президент Медведевдан озгина кўпроқ, яъни тўрт миллион рублдан сал ортиқроқ пул ишлабди.

Бундан ташқари, жаноб Қодировнинг Чеченистонда умумий майдони 36 квадрат мертга тенг квартираси ҳам бор экан.

Россия Марказий сайлов қўмитасига кўра, чечен раҳбарининг ҳам бошқа кўчмас мулки, ҳиссалари ёки қимматбаҳо қоғозлари йўқ эмиш.

Президент Медведевнинг партиядоши, Россия парламентининг Меҳнат ва ижтимоий сиёсат бўйича қўмитаси аъзоси Григорий Аникеев эса, рўйхатдаги қолган олти юзга яқин номзодни ортда қолдириб кетган.

Ўзига тегишли кўчмас мулк олди-сотдиси, ижараси, ҳиссалари ва қимматбаҳо қоғозларидан олган фойдаси бир йилда қарийб 900 миллион рублга етибди.

Рўйхатдаги ўнлаб депутатликка номзодларнинг даромадлари ҳам ўн, юз миллионлаб рублни ташкил этган.

Аммо кўпчиликнинг ошкор қилган тушумлари ўртача икки миллион рубль атрофида айланган.

Аммо, шунда ҳам, бу – Россияда аҳоли жон бошига тўғри келадиган ўртача даромаддан деярли ўн баробар кўп экани айтилади.