Қаддофий қандай ўлдирилгани юзасидан аниқ маълумот бериш сўралмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ливия маъмурияти мамлакат собиқ раҳбари Полковник Қаддофийнинг ўлимига оид барча тафсилотларни ошкор қилиш бўйича босим остида қолмоқда.

Қўшма Штатлар маълумотлар "очиқ ва шаффоф" тарзда берилиши кераклигини айтган.

БМТ Полковник Қаддофий қўлга олинган пайти тирик бўлгани ва кейин ўлгани туширилган видеотасвирлар тарқатиларкан, мазкур ҳодиса юзасидан тўла текширув олиб боришга чақирган.

Ливия расмийлари Қаддофийнинг жасадини нима қилиш юзасидан аниқ тўхтамга келишмагани боис, дафн маросими кечиктирилган.

Мисрата шаҳрида ўлим сабабларини аниқлаш бўйича текширув ўтказилиши кутилмоқда.

Айни пайтда НАТО Ливияга қаратилган ҳарбий миссияси 31 октябр куни якунланишини маълум қилган.

Бош котиб Андрес Фог Расмуссенга кўра, амалиётлар шиддати сусайган, аммо НАТО "ўтиш жараёнида фуқароларга қарши ҳеч қандай ҳужумлар уюштирилмаслигига ишонч ҳосил қилиши керак".

НАТОнинг етти ойлик кампанияси БМТ ваколати остида амалга оширилди.

БМТ резолюциясида Ливия аҳолисини ҳимоя қилиш учун куч ишлатишга изн берилганди.

Қаддофийнинг жасади 'намойишга қўйилди'

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Юзлаб ливияликлар Мисратадаги Полковник Қаддофий ва ўғлининг жасади сақланаётган совуқхонага боришмоқда.

Шаҳардаги Би-би-си мухбири Габриэл Гейтҳоуз пайшанба куни ўлдирилган собиқ раҳбар ва унинг ўғли Мутассимнинг жасадини кўриш учун келаётганлар аксари аёллар эканини айтади.

Муваққат Бош вазир Маҳмуд Жибрил ҳам жасадларни кўриш учун борган.

Нефт вазири Али Тарҳоуни Рейтрс ахборот агентлигига Полковник Қаддофий зудлик билан дафн этилмаслигини билдирган:

"Мен уларни музхонада бир неча кун асрашни...ҳамма унинг ҳаётдан кўз юмганини билганига ишонч ҳосил қилишини айтдим", деб айтган у. Собиқ раҳбарнинг қаерда дафн этилиши, Мисратадами, она шаҳри Сиртдами ва ё бошқа жойдами, маълум эмас.