Сўнгги янгиланиш 23 октябр 2011 - 16:32 GMT

Туркиядаги кучли зилзила юзлаб инсонларнинг умрига зомин бўлгани хавотири бор

Туркия жануби-шарқидаги кучли зилзила туфайли 1000 инсон ҳалок бўлган бўлиши мумкинлиги борасидаги хавотирлар билдирилмоқда.

Туркиядаги Қандилли Обсерватория ва Зилзилани тадқиқ қилиш институти бош менежери Мустафо Эрдикнинг айтишича, зилзила эпицентри Ван шаҳридан 19 километр шарқда бўлган.

Рихтер шкаласи бўйича 7,2 баллга тенг силкиниш маҳаллий вақт билан 13.41 да юз берган.

Ўнлаб бинолар қулаб тушган, электр таъминоти ва телефон алоқаси узилган.

Ван вилояти Туркиянинг Эронга чегарасида жойлашган.

Хабарларга кўра, қутқарув хизмати ходимлари Ван шаҳри ва унинг атрофидаги туманларда вайроналар остида қолган инсонларни қутқаришга киришганлар.

Расмийларга кўра, Ван шаҳрида 10 тача бино йиқилган, атрофдаги ҳудудларда 25-30 бино қулаган.

"Вайроналар остидан одамларнинг овозлари эшитилаяпти. Биз қутқарувчиларни кутаяпмиз", деб айтган Ван шаҳри марказида яшайдиган йигитлардан бири.

"Бизнинг тахминимизча, 1000 тача бино шикастланган ва юзлаб инсонларни йўқотдик. Ҳалок бўлганлар сони 500 дан 1000 гача бўлиши мумкин", деб айтган Қандилли институти зилзилашуноси Мустафо Эрдик.

Туркия маҳаллий матбуоти хабар беришича, Ванга яқин Эржис шаҳри шифохонасига 50 дан ортиқ инсон жасади келтирилган.

Туркия Бош вазири Ражаб Тойиб Эрдўғон табиий офат талофотлари миқёсини ўрганиш мақсадида Ванга йўл олган.

Илк кучли зилзиладан кейин 20 тача силкиниш кузатилган.

Исроил зилзиладан жабр кўрганларга ўз ёрдамини таклиф этган.

Туркия Ер сайёрасининг улкан геологик ёриқлари ўтган ҳудудда жойлашган ва сейсмик фаол минтақа ҳисобланади.

Мамлакатда деярли ҳар куни кичик ер силкинишлари кузатилади.

Туркия шимоли-ғарбида 1999 йилда рўй берган икки кучли зилзила оқибатида 20 мингдан ортиқ инсон ҳалок бўлган эди.

1976 йил ноябрида ҳам Ван вилоятида кучли ер силкинган, оқибатда 5291 инсон ҳаётдан кўз юмган.

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.