HRW: 'Сиртда қатл этилган Қаддофий тарафдолари жасадлари топилди'

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Human Rights Watchга кўра, 53 жасад бир бирига яқин алфозда тахланган, баъзиларининг қўлларига орқасига боғланган ҳолда топилган.

Human Rights Watch инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотининг маълум қилишича, собиқ Ливия раҳбари полковник Қаддофийнинг 50 га яқин тарафдорлари Сиртдаги меҳмонхонлардан бирида отиб ташлангани ҳақида далилларга эга.

Ташкилотга кўра, 53 жасад бир бирига яқин алфозда тахланган, баъзиларининг қўлларига орқасига боғланган ҳолда топилган.

Уларнинг тахминан бир ҳафта аввал қатл этилгани айтилмоқда.

Жасадлар Сиртдаги "Маҳари" меҳмонхонасининг ҳовлисида якшанба куни топилган.

Human Rights Watchга кўра, меҳмохона Мисратадан келган аксилқаддофий кучлар қўлида бўлган.

Меҳмонхонага кираверишда ва деворларида Қаддофийга қарши курашган Мисраталик бир неча бригаданинг номи ҳам ёзилган.

Жасадларни кўрган AFP агентлиги мухбирига кўра, кўринишича уларнинг аксари бошидан ўқ еган.

Human Rights Watchнинг айтишича, Муаммар Қаддофий қўлга олинган ерда ҳам 95 кишининг жасади топилган.

Саккиз ой давом этган қуролли тўқнашувларда иккала томон ҳам инсон ҳуқуқларини поймол этиш ҳолатларига қўл урганлари айтиб келинганди.

Аммо Ливия Ўтиш Кенгаши раҳбарлари ўз аскарлари ва аҳолини ўч олиш ҳаракатларига қўл урмасликка даъват қилганликларини билдирганлар.

Бундан бир неча кун аввал эса мамлакат собиқ раҳбари Полковник Муаммар Қаддофий қўлга олиниб, кейинчалик оламдан ўтгани хабар берилганди.

Ҳозирда Ливия Миллий Ўтиша Кенгаши Муаммар Қаддофийнинг ўлимига сабаб бўлган тафсилотларни ҳам муфассал текшириш борасида босим остида қолган.

Ливия Миллий Ўтиша Кенгаши расмийлари муаммар Қаддофийнинг ўзаро отишма натижасида ҳалок бўлганлигини даъво қилмоқдалар.