Тунисда 'Араб инқилоби'дан кейинги илк эркин сайловларда мўътадил исломчилар ғолиб чиқишди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Тунисда "Араб инқилоби" ортидан бўлиб ўтган илк эркин ва демократик сайловларда "Эннаҳда" мўътадил исломий партияси ғалаба қозонган.

Якуний сайлов натижаларининг расман бугун эълон этилиши кутилмоқда.

Аммо дастлабки натижалар "Эннаҳда" партияси кўпчилик овозни қўлга киритолмаган эса-да, барибир олдинда эканини кўрсатган.

Уларнинг сайловлардаги энг ашаддий рақиби - Демократик Тараққиёт Партияси аллақачон ўзининг мағлубиятини тан олган.

Ўтган якшанба кунги сайловлар халқаро кузатувчиларнинг ҳам олқишларига сазовор бўлган.

Улар сайловларга эркин ва адолатли, дея баҳо беришган.

Тунис президенти Бин Али оммавий намойишлар ортидан, бундан 9 ой бурун қудратдан ағдарилганди.

У мамлакатнинг 23 йилдан буён бошқариб келаётганди.

Аммо қўшниси Ливиядан фарқли равишда, Тунисда қудрат алмашинуви анчайин осойишта кечди.

"Эннаҳда"нинг режалари

Мўътадил исломий партия лидерлари Шариатга асосланган эмас, кўппартиявий, дунёвий ва демократик давлат қуриш истагида эканликларини айтишмоқда.

Партия воизига кўра, "Тунисликлар амалда мамлакатда изчил равишда демократия учун курашиб, Бин Али диктатурасига қаршилик қилиб келган партияларга овоз берганликлари"ни баён қилган.

"Ушбу партияларнинг орасида "Эннаҳда" пешқадами эди ва ўзимиз ҳам ишонганимиздек, сайловларда катта сондаги овозларни қўлга киритди", дейди Юсра Ғаннучий.

Тунисликлар овоз берган 217 ўринлик парламент мамлакатнинг янги конституциясини ишлаб чиқади ва янги ҳукуматни танловчи муваққат маъмуриятни ташкил этади.

Тунис Марказий сайлов ҳайъати расмийларига кўра, якшанба кунги сайловларда тўрт миллиондан ортиқ сайловчининг 90 фоизи иштирок этган.

Овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган қолган уч миллиондан зиёд кишидан қанчасининг сайловларда қатнашганлиги маълум эмас.

Сайловларда иштирок этиш учун юздан ортиқ партия қайддан ўтган, бундан ташқари, уларнинг орасида бир қанча мустақил номзодлар ҳам бор эди.

Сайловлар ва овоз бериш жараёнини кузатиш учун юзлаб хорижий ва минглаб маҳаллий кузатувчилар жалб этилишганди.

АҚШ ва Оврўпо Иттифоқи Тунисдаги тинч ўтган парламент сайловларини мақтаб чиқишган.

Жумладан, Америка Президенти Барак Обама, "Бу - олдинга қўйилган муҳим қадам" эканини айтган.

Тунисдаги сайловолди жараёнлари эса, исломчилар ва дунёвийлар сафларидаги бўлиниш, партияларнинг молиявий манбалари ва сайловчиларнинг лоқайдликларига оид хавотирлар манзарасида кечганди.