ОИ раҳбарлари молиявий инқироздан чиқиш бўйича битимга эришдилар

ОИ раҳбарлари саммитида Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Оврўпо Иттифоқи раҳбарлари молиявий инқироздан чиқиш чораларини ўз ичига олган битимга эришдилар.

Ушбу режа молиявий муаммоларга юз тутувчи давлатларни қутқариб қолиш ва инқирозга юз тутуаётган Юнонистон қарзларини камайтириш каби чораларни кўзда тутади.

Бунинг учун эса миллиардлаб евродан тортиб баъзилари эса триллиондан ҳам ошувчи жамғармалар тузилмоқда.

Ушбу жамғармаларга молия топиш учун Хитой ҳам жалб қилинади.

Эрта тонггача давом этган 10 соатлик музокаралар ортидан, томонлар учта асосий масала бўйича келишиб олганлар.

Энг аввало хусусий банклар Юнонистон ботиб кетган қарзларнинг ярмидан воз кечишга рози бўлишган.

Бундан ташқари, келажакда ўзларини эҳтимолий бўҳронлардан ҳимоя этиш учун банкларга келаси йил июнига қадар 106 миллиард евро миқдорида қўшимча маблағ тўплашлари шартлиги ҳам айтилган.

Аён бўлишича, Юнонистон яна қарзларидан қутулишга оид навбатдаги режанинг бир қисми ўлароқ, Оврўпо Иттифоқи ва Халқаро Молия Жамғармасидан 100 миллиард доллар молиявий ёрдам ҳам олади.

Эришилган келишувларга мувофиқ, Евро ҳудудига кирувчи давлатларнинг барқарорлаштирувчи жамғармаси ҳам 440 миллиард евродан 1 триллион еврога оширилади.

Ушбу жамғарманинг фаолият юритиш механизмлари эса, ноябр ойида ишлаб чиқилади.

Аммо Брюсселда бўлган Би-би-си мухбири Крис Морриснинг хабар беришича, янги битимлар кўпчилик умид қилган даражада кескин эмас.

Лекин, унга кўра, ҳозирги вазияда бундан ортиқроғини кутишнинг ўзи ҳам қийин бўлган.

Ўн етти давлат иштирокидаги муттасил музокаралардан мақсад эса, Юнонистонга молиявий аҳволини ўнглашга ёрдам бериб, инқироз ёқасида турган Италия каби бошқа Оврўпо давлатларига тушаётган босимни камайтириш эди.

Музокаралар натижаларига Юнонистон ва бошқа иштирокчи давлатлар ўзларининг муносабатлари қандай бўлаяпти? Улар эришилган келишувлардан қониқиш изҳор этишяптими?

Юнонистон Бош вазири Георгеос Папандреунинг айтишича, ушбу қарорлар мамлакати учун "янги даврнинг бошланиши"ни англатади.

Музокаралар ортидан анчайин ҳорғин кўринган Франция Президенти Николя Саркозига кўра эса, янги келишувлар ўзларидан қатъий қарорлар берилишини кутган бутун дунёнинг енгил тин олишига кифоя қилади.

"Евроҳудуд узоқ муддатли бўҳронга нисбатан кескин ва ишончли жавобни ишлаб чиқди", деб айтган жаноб Саркози.

Чунки ётиримчиларнинг евроҳудуднинг молиявий аҳволига оид хавотирлари ва ягона пул бирлиги амал қилувчи ҳудуднинг парчаланиб кетиши хавфи бир неча ойдан буён жаҳон бозорларига ўз соясини ташлаб келаётганди.

Танқидчилар эса, Оврўпо Иттифоқини айни муаммога барҳам беришда етарлича чора кўрмай, вазиятни янада мавҳумлаштиришда айлаб келишаётганди.

Оврўпо Комиссияси раиси Жозе Мануэл Баррозонинг айтишича, сўнгги келишувлар ўзининг иқтисодий барқарорлиги учун Оврўпо қўлидан келган ҳамма ишни қилишини кўрсатган.

Ушбу масалада етакчи ўрин тутган Олмония канцлери Ангела Меркел эса, евроҳудуд раҳбарлари ўзларига билдирилган ишончни оқлай олишди, деб айтган.

Сўнгги янгиликка бозорларнинг муносабати қандай бўлаяпти?

Оврўпо раҳбарларининг сўнгги баёнотлари ортидан евронинг қадри бирданига оша бошлаган.

Аммо бозорлар ва сармоячилар сўнгги янгиликка ўта эҳтиёткорана муносабат билдиришмоқда.

Осиё фонд биржаларида ҳам ҳиссалар нархи кўтарилган. Жумладан, "Никкей" кўрсаткичи 0.5 фоизга ошган.

Бу эса, ниҳоятда муҳим. Чунки Оврўпо Осиё ширкатлари ва қитъанинг Хитойга ўхшаш алоҳида давлатлари учун асосий экспорт бозори ҳисобланади.

Аммо, мухбиримиз Крис Моррисга кўра, Оврўпо раҳбари томонидан эришилган сўнгги келишувлар таҳлилчилар томонидан синчиклаб ўрганиб чиқилади.

Аммо музокара иштирокчиларининг ўзлари ҳам арзимас бўлса-да, янги битимларнинг ишлаб чиқилиши керак бўлган жиҳатлари қолганлигини тан олишмоқда/

Azizlar,

Bi-bi-si O'zbk xizmatining Facebookdagi rasmiy sahifasi bilan tanishing.

https://www.facebook.com/#!/pages/BBC-Ozbek-BBC-Uzbek/294548310573810?sk=wall

Bi-bi-sining yangiliklari, tahlilu sharhlari, eng sara audio va video lavhalari hamda suratlari bilan har kuni tanishish uchun Facebookdagi 'LIKE' tugmachasini bossangiz kifoya.