Сайфул Ислом Қаддофий: мен инсониятга қарши жиноят содир этмаганман

Image caption Сайфул Ислом охирги марта август ойида пойтахт Триполида хорижий журналистларга кўриниш берган

Халқаро Адолат маҳкамасидан билдиришларича, Ливиянинг ўлдирилган раҳбари Муаммар Қаддофийнинг ўғли Сайфул Ислом воситачилар кўмагида ўзига қўйилган айбловларнинг олиб ташланишига уринган.

Бу ҳақда Халқаро Адолат маҳкамасининг терговчиси Луиз Морено-Окампо маълум қилган.

Жаноб Окампо айтишича, Сайфул Ислом ўзининг айбсиз эканини айтмоқда ва Халқаро Маҳкама томонидан ўзига қўйилган айбларнинг бекор этилишини хоҳлайди.

Луис Морено-Окампо сўзларига кўра, Сайфул Ислом агар Халқаро Адолат маҳкамаси қўйган айбловлар бекор қилинса, ўзига нима бўлиши билан қизиққан.

Сайфул Ислом шу йил февралида Ливияда Муаммар Қаддофийнинг бошқарувига қарши норозилик намойишлари бошланган пайтида тинч фуқароларни бомбалаш ва отишга буйруқ берганини рад этган ва ўзининг айбсизлиги исбот-далилларини тақдим этиши мумкинлиги ҳақида айтган.

Халқаро Адолат маҳкамаси марҳум полковник Муаммар Қаддофий, унинг ўғли Сайфул Ислом ва мамлакатнинг собиқ жосуслик хизмати раҳбари Абдулла ал-Сенуссийга нисбатан инсониятга қарши жиноятларни илгари сурган.

Халқаро Адолат маҳкамаси терговчиси Луис Морено-Окампо Сайфул Исломнинг Ҳаагадаги трибуналда маҳкамага тортилишини истайди.

Муаммар Қаддофийнинг сиёсий вориси деб кўрилган 39 ёшли ўғли Сайфул Ислом охирги марта август ойида пойтахт Триполида хорижий журналистларга кўриниш берган эди.

Охирги хабарларга кўра, Сайфул Ислом етакчилигидаги автомобиллар карвонини Нигерга қараб йўл олган пайтида кўришган.

Аммо бу хабарлар тасдиқланмаган.

Қаддофий ҳукуматидаги қатор юқори лавозимли шахслар Нигердан бошпана топганлар.

Халқаро Адолат маҳкамаси Сайфул Исломнинг ҳозир қаерда эканини билмаслигини айтади.

Сайфул Ислом яширинча ўзига бошпана бериши мумкин бўлган мамлакатлар билан музокара олиб бораётган бўлиши мумкинлиги тахмин этилади.

Мухбирларга кўра, Сайфул Ислом яшириниши мумкин бўлган мамлакат Зимбабве бўлиши мумкин, Зимбабве Президенти Роберт Мугабе марҳум Муаммар Қаддофийнинг узоқ йиллик иттифоқчиси бўлган.

Айни пайтда Халқаро Адолат маҳкамаси Ливия собиқ раҳбарининг ўғлини топишда қийинчиликларга дуч келиши мумкинлиги айтилади.

Бу қатор Африка мамлакатларининг ушбу маҳкама фаолиятига танқидий муносабати билан боғлиқ.

Халқаро Адолат маҳкамаси аъзоси ҳисобланган мамлакатнинг маҳкама талабларини бажариши лозим.

Бироқ Африканинг бир неча мамлакати ҳукуматига кўра, бу маҳкама ўзларининг мамлакатларида рўй берган жиноятларга ҳаддан зиёд кўп эътибор қаратади.

Оқибатда Африка Иттифоқи аъзо мамлакатларга Халқаро Адолат маҳкамаси йўл-йўриқларига риоя этмасликлари мумкинлиги ҳақида тавсия берган.

Шунинг оқибатида Судан Президенти Умар ал-Баширга Халқаро Адолат маҳкамаси ҳибсга олиш буйруғини берганига қарамасдан, бу талабни Малави, Чад ва Кения бажаришдан бош тортган.