Афғонистон жанубида толиблар БМТ идорасини нишонга олишди

Қандаҳор
Image caption Сўнгги дамларда Толибоннинг халқаро кучларга қарши ҳужумлари ортиб бормоқда

Афғонистоннинг жанубий Қандаҳор шаҳрида худкуш ҳужумчи ўз бошқарувидаги автомобилни портлатгани оқибатида камида беш киши ҳалок бўлган.

Раҳсмийларга кўра, портловчи модда ортилган автомобил БМТнинг Қочқинлар агентлиги жойлашган бино текширув нуқтасига ҳайдаб .

Бу ҳудудда, шунингдек, БМТнинг Юнисеф ва АҚШ халқаро кўмак ташкилотининг идоралари ҳам жойлашган.

БМТ Қочқинлар агентлигидан билдиришларича, ҳужум натижасида ушбу ташкилотнинг уч ходими ва бир афғон полициячиси ҳалок бўлган.

Ҳужум учун масъулиятни Толибон ўз зиммасига олган.

Толибонга кўра, уларнинг мўлжали БМТнинг Қочқинлар идораси бўлган.

Беш қўриқчи ярадор ҳолда шифохонага ётқизилган.

Маҳаллий полиция раҳбари айтишича, дастлаб бир худкуш ҳужумчи автомобилни портлатганидан кейин уч жангари халқаро ташкилот қароргоҳи ичкарисига бостириб кирганлар.

Унга кўра, ҳужумчилар ветеринар клиникага қамалиб олиб ўт очишган.

Олти соат давом этган отишмада ҳужумчилар ҳалок этилган.

"Отишмалар тўхтади. Ҳамма ҳужумчилар ўлдирилди. Қидирув ишлари олиб борилмоқда," деган жаноб Розиқ.

БМТнинг Қочқинлар Агентлиги Афғонистонда 1980 йилдан буён фаолият олиб боради. Агентлик Покистон ва Эрондан қайтаётган миллионлаб қочқинларни назорат қилиб боради.

Агентлик бошлиғи Антонио Гутиерраснинг билдиришича, Қандаҳордаги БМТ идораси жиддий зарар кўрган.

"Бу - БМТ, ҳалок бўлганлар ва ярадорларнинг оилалари учун катта фожеа. Бу Афғонистондаги гуманитар ёрдам ташкилотлари ходимлари учун жиддий хатар борлигини кўрсатади," деб айтган жаноб Гутиеррас.

Афғонистон жанубидаги энг катта шаҳар ҳисобланган Қандаҳор 2001 йилда Америка етакчилигидаги халқаро кучлар Афғонистонга кирлган пайти ағдарилган толибларнинг ватанидир.

Шанба куни содир этилган бир интиҳорий ҳужумда НАТОнинг Кобулдаги Халқаро хавфсизлик кучларидан 13 ҳарбий ва хизматчи ҳалок бўлган эди.

Қурбонлар орасида Америкалик, Британиялик ва Канада фуқаролари ҳам бўлган.

Мазкур ҳужумнинг Афғонистондаги иттифоқчи кучларга қарши 10 йиллик урушдаги энг кучли зарбалардан бири бўлгани айтилади.