Ер сайёрасининг еттинчи миллиард инсони 'Ҳиндистонда туғилди'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Ёш болалар муаммолари билан шуғулланадиган Plan International халқаро ширкати ер юзи аҳолисининг етти миллирадинчи шахси сифатида рамзий маънода Ҳиндистонда туғилган қизчаини танлади.

Наргиз исмли қиз Ҳиндистоннинг Уттар Прадеш вилоятида дунёга келди.

1999 йил БМТ бугунги Босния-Ҳерцеговина пойтахти Сараево шаҳрида туғилган чақалоқни дунёнинг 6-миллиард кишиси сифатида эълон қилган ва БМТ бош котиби номидан Босния-Ҳерцеговинага ташриф буюриб, чақалоқ ота-онасини табриклаган эди.

БМТнинг 31 октбяр кунги ҳисоботига кўра, Ер юзидаги аҳоли сони 7 миллиардга етган.

Бироқ маълумотларга қараб, қаерда, қайси мамлакатда ва айни қай пайтда дунёнинг еттинчи миллиард одами туғилганини аниқлаш мушкул.

Шу сабабли БМТ ҳар бир мамлакатга рамзий миллиардинчи чақалоқни рўйхатга олишни таклиф этган.

1999 йил дунёнинг 6-миллиард одами туғилганидан фарқли ўлароқ, БМТ бу сафар юбилей чақалоқ ва унинг туғилган мамлакатини расман эълон қилмайди.

БМТ ҳисоботига кўра, дунёда ҳар дақиқада икки чақалоқ туғилади.

Ернинг рамзий 7-миллиардинчи кишиси туғилганини Россиянинг Узоқ Шарқидаги расмийлар ҳам билдиришди.

31 октябрь кечаси Петропавловск-Камчаткада Александр исмли бола дунёга келган бўлса, душанба куни эрталаб Калининградда туғилган яна бир чақалоқнинг онасига 7-миллиардинчи инсоннинг гувоҳномаси топширилди.

Кенг миқёсдаги бирор - бир тадбир уюштириладими деган саволга "қачон Узоқ Шарқнинг 7-миллиард, борингки, 7-миллион одами туғилганда" деб жавоб берилди.

БМТ раҳбарларига кўра сайёранинг янги туғилган одами байрам, тантананинг сабабчиси эмас, балки Ернинг кейинги тақдирини ўйлаб кўришга жиддий туртки бўлиши керак.

Кейинги 50 йилда дунё аҳолисининг икки бараварга ошиши ер юзида тенгсизликни кучайтирган.

Иккинчи Жаҳон урушидан кейин ғарб мамлакатларида демографик портлаш бошланган бўлса, бу ҳозир ривожланаётган мамлакатларнинг ҳиссасига тўғри келади.

Шу сабабли, БМТ ривожланаётган мамлакатлардаги аёлларнинг турмуш шароитини яхшилаш аҳоли сониннинг ошишини бир маромга келтиради деб таъкидлайди.