Лондонда интернет хавфсизлиги бўйича халқаро анжуман иш бошламоқда

интернет Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Интернетнинг хавфсизлиги хавотирларга сабаб бўлмоқда

Лондонда Британия Ташқи ишлар вазирлиги ташкил қилган интернет хавфсизлиги бўйича халқаро анжуман иш бошламоқда.

Анжуманда дунёнинг кўплаб ҳукумат ва саноат ҳайъатлари иштирок этишлари кутилмоқда.

Лондон анжумани ўзининг йирик кун тартиби билан эътиборлидир.

Анжуман ташкилочиларига кўра, унда қандай қилиб интернетни ташқи хавф ва жиноятдан ҳимоя қилган ҳолда ундан иқтисодий ва ижтимоий жиҳатдан фойда кўриш мумкинлиги муҳокама қилинади.

Технологик ширкатлар ва давлат раҳбарлари, жумладан Яқин Шарқ мамлакатларидан келган фаолларнинг йиғинда чиқиш қилишлари кўзда тутилган.

Шунингдек, интернетдан фойдаланиш услуби кўп ҳолларда ғарблик мутахассислар хавотирларини уйғотган икки улкан давлат- Хитой ва Россия ҳайъатларининг анжуманда қатнашиши унинг қизғин бўлишини кўрсатмоқда.

Яқин икки кун ичида муҳокома қилинадиган масалаларни тез орада ижобий ва самарали ҳаракатларга йўналтириш кўзда тутилган.