Париждаги Муҳаммад Пайғамбарни ҳажв қилган таҳририятга ўт қўйилди

charlie hebdo Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Ҳафталик ўзининг ислом динига қарши ҳажвлари билан кўп бор мусулмонларнинг ғазабини қўзғаган эди

Франциянинг ҳажвий Charlie Hebdo ҳафталиги биноси деразадан улоқтирилган ёндирувчи мослама туфайли куйиб-кул бўлган.

Бу ҳодиса нашрнинг янги сони муҳаррири Муҳаммад Пайғамбар деб эълон этгани ортидан юз берган.

Журнал муқовасида "Агар кулгили бўлмаса, сенга юз дарра" деган ёзув бўлган.

Журнал мақоласида айтилишича, таҳририят Тунисдаги сайловда исломий партияс ғалабасини шу тариқа таъкидламоқчи бўлган.

Ёнғиндан кўп ўтмай журнал муҳаррири "барча ускуналар вайрон этилгани сабабли нашр тўхтатилган"ини эълон қилган.

Ёнғин гувоҳларидан бири Патрик Пелонинг "Франс Пресс" ахборот агентлиги мухбирига айтишича, эрта тонгда кимнингдир ёқилғи солинган шишани журнал таҳририяти деразасидан отиши туфайли бино ичидаги компютерлар ёна бошлаган.

Жабрланганлар ҳақида маълумотлар йўқ.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Ҳафталикнинг интернет сайти хакерлар ҳужумига учраган, француз ва турк тилларида ёзилган ҳақоратларга тўлиб кетган.

Чоршанба куни чиқиши мўлжалланган журнал сонини таҳририят "шариат" сўзига уйқаш қилиб Charia Hebdo деб ўзгартирган.

Муҳаррири Муҳаммад Пайғамбар деб эълон қилинган нашрда таҳририятнинг шарҳлари ва пайғамбарнинг бошқа ҳажвий суратлари эълон қилинган.

Таҳририятнинг мурожаатида айтилишича, журналнинг янги сонига Тунисдаги "Нахда" партиясининг ишончли ғалабаси, шунингдек, Ливияда ҳам шариат қонунлари жорий этилиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар туртки берган.

"Биз иғво билан шуғулланмаймиз. Биз шунчаки одатий вазифамизни бажаряпмиз. Ягона фарқ бу ҳафтада Пайғамбар Муҳаммаднинг ҳажвий сурати муқовада чиққанлиги ҳар доим ҳам содир этилавермайдиган ҳодиса,"- деган нашр муҳаррири Шарб.

2007 йил Charlie Hebdo ҳафталиги Даниянинг Jyllands-Posten журналидан Муҳаммад Пайғамбарга қилинган 12 ҳажвий суратни кўчириб босганлиги мусулмонлар ўртасида катта норозиликларга сабаб бўлган эди.

Париждаги икки ислом ташкилоти журнални ирқчиликда айблаб маҳкамага берган, лекин маҳкама уларнинг талабини қондирмаган эди.

Би-би-сининг Париждаги мухбирига кўра Charlie Hebdo ҳафталиги илгари ҳам кўп марта ҳамма эътиқодлар устидан ҳажвлар эълон қилган.